Саломатлик она қорнидан бошланади. Аниқроғи, ундан ҳам олдин…

Share

Янги тадқиқотлар хулосаларига кўра инсон саломатлигини шакллантирадиган энг муҳим давр бу инсоннинг она қорнида ўтказган илк 9 ойи ҳисобланар экан. Бу давр қандай ўтганлиги инсоннинг бутун ҳаёти давомида касалликларга чидамлилиги, иштаҳа ва метаболизми, интеллект ва темпераменти, юрак ва жигарнинг ҳолати, мия саломатлиги ҳолатини белгилаб беради. Шунинг учун бўлажак оналарнинг эмоционал, психологик ва жисмоний саломатлигига жиддий эътибор бериш ниҳоятда муҳим.

Келинларнинг психологик, эмоционал ва жисмоний саломатлиги янги авлод саломатлигининг гарови ҳисобланади. Бўлажак оналарнинг саломатлигини ҳимоя қилиш янги авлоднинг саломатлигига бўлган энг катта инвестиция ҳисобланади.

Она қорнида ўтгазган давримиз ҳаётимизнинг оҳиригача татийди. Ҳомиладорликда тўғри овқатланиш ниҳоятда муҳим эканини юзлаб илмий манбалар тасдиқлайди. Ҳомиладорликнинг қандай кечишига қараб боланинг генетикаси шаклланади. Масалан, ҳомиладорликда керакли озуқаларга тўйинмаган она қорнидаги бола улғайганида юрак касалликларига, юқори қон босими, диабет кабиларга мойиллиги ортади (манба). Ҳомиладорлик пайтида онанинг ичак микрофлораси ҳолатига қараб боланинг 7 ёшидан кейинги семизлик ёки вазн муаммолари пайдо бўлиши эҳтимолини аниқлаш мумкин (манба). Ҳомиладорликдаги овқатланиш сифати ва ташқи муҳит таъсири туғилажак боланинг келажакда саратонга чалиниш эҳтимоли қандай даражада эканини белгилаб беради (манба).

Ҳомиладорликда стресс кўп бўлса, бу табиийки ҳомиладор аёлнинг овқатланиш сифатига ва иштаҳасига ҳам салбий таъсир кўрсатади. Стресс кўп касалликларнинг боши эканини унутмаган ҳолда ҳомиладор ва бўлажак ҳомиладор аёлларнинг нафақат жисмоний, балки эмоционал ҳолатини ҳам ҳимоя қилиш ниҳоятда муҳим. Фарзандларни дунёга келтиришдан олдин уларнинг саломатлигига мустаҳкам фундамент қўйиш энг катта мажбуриятимиздир! Аёллар ва бўлажак оналарни асраб авайлаш қанчалик муҳим эканини тушунган бўлсангиз керак.

Аслида бола саломатлиги ҳомиладорликдан анча олдин бошланади. Тўғри овқатланиш ҳомиладорликнинг энг муҳим шартларидан бири ҳисобланади, лекин ҳомиладорликдан олдинги ойлар ва ҳатто йилларда ҳам тўғри овқатланиш жуда муҳим. Бола соғлом шаклланиши учун нафақат она, балки ота ҳам тўғри овқатланиши бирдек муҳим. 

Қадимда ҳомиладорлик рўй беришидан олдин бўлажак ота-оналар озуқага бой маҳсулотларни истеъмол қилишга ундаб келинган. Бундай маҳсулотларга тухум сариғи, суяк илиги, ҳайвон ёғлари (масалан, қўй ёғи), жигар, балиқ тухумини мисол қилса бўлади. Масалан, қадимдан Африканинг Масай қабиласида аёл ва эркаклар турмуш қуришдан олдин бир неча ой асосан яшиллик билан озиқланган ҳайвон сутини ичиб юриши шарт ҳисобланган. Бу шартни бажармаган ёшлар турмуш қуришига рухсат берилмаган. (Яшиллик билан боқилган ҳайвон сутининг қанчалик фойдали экани ҳақида бу ерда ўқишингиз мумкин.)

Афсуски, замонавий дунёда бўлажак ота-онанинг овқатланиш тарзининг қанчалик муҳим экани деярли эсланмайди. Бунинг натижаси нимжон болалар ва касалманд катталар бўлса ажаб эмас.

Хулоса қилиб айтганда, бўлажак ота-оналар турмуш қуришдан олдин бир неча ой ота-она бўлишга тайёрланиб, соғлом овқатланишлари, озуқавий қиймати юқори озуқалар истеъмол қилишлари ва зарарли егуликлардан тийилишлари ниҳоятда муҳим экан. Ҳомиладорлик даврида эса бўлажак онанинг соғлом овқатланиши ва эмоционал саломатлиги жуда муҳим бўлар экан. Демак, тўғри овқатланиш ва аёлларни эҳтиёт қилиш соғлом авлод етиштиришнинг энг муҳим шартидир.

Давоми: “Ҳомиладорлик пайтида нотўғри овқатланиш бола келажагига (саломатлигига) қандай таъсир кўрсатади?”

Manba(lar):
Facebooktwitterredditpinterestlinkedinmail

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *