Барчамизга маълумки, 2023 йил 7 октябрь медиа ўйинлари ва пропагандаларидан кейин Фаластин халқи қатлиоми бошланди. Аслида бу 1948 йилда бошланган, лекин ҳозирги мавзу бу ҳақида эмас.
Ғазо болалар шаҳри деган ном билан машҳур. Аҳолининг деярли 50% қисми 18 ёшдан кичик болалар ҳисобланади. Аҳолининг 64.2 фоизи 24 ёшдан кичик! (манба)
2023 йилнинг 7 октябридан бошлаб 6 декабри кунигача бўлган вақт ичида расмий қайд қилинган ўлимлар сони 21731 тани ташкил қилди (манба). Бу рақам ичига вайроналар тагида қолиб кетиб топилмаган одамлар кирмаган, демак аслида бу рақам ундан ҳам баланд. Расмий маълумотларга кўра, 6 декабргача вафот этган инсонларнинг 8697 таси ёш болалар бўлса, 4410 нафарини аёллар ташкил этади. Бундан ташқари жароҳатланган, бомбалар туфайли оёқ-қўлидан айрилган минглаб инсонлар бор. Бу рақамлар кундан кун ўсиб боряпти!
2023 йилнинг 7 октябридан кейин Ғазо шаҳрига электр ва сув таъминоти тўхтатилган. Бу эса, ўз навбатида электр аппаратларга уланган беморлар ва чақалоқлар орасида ўлимлар сонини кўпайтирди (манба). Сув танқислиги эса аҳолида соғлиқ муаммоларининг кўпайишига олиб келди (манба). Ғазо аҳолисининг 80% қисми ҳозирда бошпанасиз қолган. Уйини йўқотган минглаб аҳолининг қишни қандай ўтказишини тасаввур қилиб олаверинг.
Хуллас, аҳвол жуда аянчли. Уйсиз, сувсиз, электр таъминотисиз, ўлим ҳавфи ва бомбалар тагида яшаш ҳеч кимнинг энг қўрқинчли тушига ҳам кирмаса керак.
Хўш, уларга қандай ёрдам бера оламиз? Қўлимиздан нима келади?
Дуо, ишончли манбалар орқали хайрия қилиш ва бойкот!
Бойкот ўзи нима?
Бойкот дегани, бу қирғинни қўллаб турган компаниялар маҳсулотларини умрбод ҳарид қилмаслик дегани. Сиз шу кунгача улардан харид қилган маҳсулотларингизни ишлатаверасиз, лекин бошқа сотиб олмайсиз, дегани. Уларнинг маҳсулотларини харид қилмаслик уларга иқтисодий зарар келтиради. Улар ҳам ўз навбатида бундай қирғинларга камроқ пул сарфлашга ёки камроқ қўллашга мажбур бўлади.
“Битта ўзимнинг қўлимдан нима ҳам келар эди?”, деб ўйлабди 7 миллиард одам.
Ҳа, бойкот қилиш осон эмас. Ўрганган маҳсулотларингиздан бирданига воз кечиш осон эмас. Ўша маҳсулотлар ўрнига аста-секин бошқа маҳсулотлар ишлатишни бошласангиз иш осонлашади.
Албатта, ҳеч ким сизни бойкот қилишга мажбурламаяпти. Бундай қарорни фақат ўзингиз қабул қиласиз. Бу аста-секин бўладиган иш. Бойкот қилмасангиз сизни ҳеч ким айбламайди. Мен эса қўлдан келганча сизга ўша сиз ўрганган маҳсулотлар ўрнига қайси маҳсулотлар ишлатишингиз мумкинлиги ҳақида маълумотлар бериб тураман.
Биз реклама қурбонларимиз
Биласизми, ўша йирик компанияларнинг аксарият маҳсулотлари биз учун зарарли ҳисобланади. Ҳаммаси эмасдир, лекин аксарияти.
Тан оламизми йўқми, кўпчилигимиз реклама қурбонларимиз.
Қайта-қайта кўзимиз тушган маҳсулотларни миямиз таниб қолади. Кейин эса уларни кўрганимизда харид қиламиз, мазаси, ҳиди, кўриниши, номи (танилган бренд номи) ёқса бўлди. Шундай эмасми?
Нега актёр ва қўшиқчилар кумир даражасига чиқиб қолади? Уларни қайта-қайта кўраверганимиз ва эшитаверганимиз учун. Аслида улар ҳам худди бизга ўхшаган оддий инсонлар. Маҳсулотлар билан ҳам худди шундай гап. Машҳур дегани энг яхшиси дегани эмас. Чет эл хўрозқанди энг яхшиси дегани эмас. Улардан ҳам яхшироқлари бор.
Ўрнига нима ишлатамиз?
Бойкот қилинадиган рўйхатни телеграм гуруҳимга жойлаб бораман.
Ўрнига нималар ишлатиш мумкинлиги ҳақида ҳам маълумотлар бериб бораман, қўлдан келганча.
Мавзуга тааллуқли маълумотларни шу мақола тагига линк сифатида жойлаб бораман.
Ўзингизни эҳтиёт қилинг!