ТАБИИЙ КИР ЮВИШ КУКУНИ ТАЙЁРЛАШ УСУЛИ

Share

Қуйидаги рецепт кир ювиш машинасида ишлатишга мўлжалланган кир ювиш кукуни ҳисобланади. Рецептга совун ёки кир совун қўшилмайди, чунки совун кир ювиш машинасининг қисмларида тўпланиб қолиши ва бу кейинчалик муаммолар келтириб чиқариши мумкин.

Бу кир ювиш кукуни кийимларни яхши ювади, лекин натижа сизнинг кир ювиш машинангизнинг турига, сувнинг юмшоқ ва қаттиқлигига ҳам боғлиқ бўлади. Шунга қараб аралашмадан кўпроқ ёки камроқ ишлатсангиз бўлади.

Рецептдаги моддаларнинг ҳаммаси табиий. Магний сульфат ични юмшатадиган туз ҳисобланади, ош содасини бекалар пишириқларга солишади, ювиш содасини хўжалик дўконларидан харид қилса бўлади ёки ош содасини пишириб ювиш содаси ҳосил қилса бўлади. Бура ёки боракс натрий тетраборат бўлиб, табиий минерал ҳисобланади ва организм учун керакли Борон моддаси манбасидир. Бура мавзусида қарама қарши фикрлар кўп. Шунинг учун кўнглингиз тортмаса, бу моддани ишлатмасангиз ҳам бўлади. Шахсан ўзим кукунга бура қўшаман ва кийимлар жуда яхши тозаланади. Лимон ёки апельсин эфир ёғлари кийимларга билинар билинмас ҳид қўшади, лекин бу ёғларнинг вазифаси фақат ҳид эмас. Цитрус эфир ёғларининг тозалаш хусусиятлари ҳам бор, лекин рецептда эфир ёғи ишлатиш шарт эмас.

Агар ювиш содаси топа олмасангиз, уни ўзингиз тайёрлаб олсангиз ҳам бўлади. Бунинг учун ош содасини духовкада 200°С даража иссиқликда 2 соат давомида пиширинг. Ҳар ярим соат аралаштириб туринг. Бундай иссиқлик таъсирида ош содаси ювиш содасига айланади. Ювиш содаси тайёр бўлгач, ёпиқ идишда сақланади. Диққат, эслатма! Ювиш содасини пишириқларга ёки озуқалар таркибига қўшиш мумкин эмас! Ювиш содасини ош содасидан тайёрласангиз ҳам иккаласи икки хил нарса!

kir-yuvish-kukuni

Табиий кир ювиш кукуни тайёрлаш усули

Керакли моддалар:

  • 0,5 стакан Магний Сульфат (Epsom salt)
  • 1,5 стакан Ош содаси/Натрий бикарбонат (Baking soda)
  • 1,5 стакан Ювиш содаси/Натрий карбонат (Washing soda)
  • 0,25 стакан Майда Туз ёки денгиз тузи (Sea salt)
  • 1,5 стакан Бура/Боракс (Borax) – солиш шартмас, лекин яна ҳам тоза қилади
  • 20-25 томчи Лимон ёки Апельсин табиий эфир ёғи – солиш шартмас

Тайёрланиши:

Барча моддалар аралаштирилади ва ёпиқ қуруқ идишда сақланади.

Кир машина ичига аралашмадан 1-2 ош қошиқ солинади ва кийимлар одатдагидек ювилади.

 

Қўшимча ўқиш учун: КИР ЮВИШ ВОСИТАЛАРИДАГИ ЗАРАРЛИ МОДДАЛАР

Facebooktwitterredditpinterestlinkedinmail

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *