ЭНГ МАЗАЛИ ЖИГАР ПИШИРИШ (Тез ва Фойдали)

Share

Жигар пишириш бу алоҳида бир санъат десак адашмаган бўламиз. Бунинг сабаби эса жигар бироз нотўғри пиширилса тез қаттиқлашиб кетади, ичи қуриб кетади ва бундай жигарни чайнаш ҳам қийин бўлади. Албатта, бундай ҳолда жигарнинг мазаси ҳам бузилиши табиий.

Қуйидаги рецепт бўйича тайёрланган жигар жуда ҳам юмшоқ ва мазали чиқади. Болалар ҳам катталар ҳам ушбу таомни севиб истеъмол қилишади. 

Ушбу таомни тайёрлашга умумий ўртача 15-20 дақиқа кетади. Бу қовурма жигар рецепти бўлиб, қовуришда юқори иссиқликда бузилмайдиган ёғлардан фойдаланилса қовуриш жараёнида зарарли моддалар ҳосил бўлмайди. 

Жигар юқори сифатли оқсил манбаи ҳисобланади. Жигар токсинларни фильтрлагани билан ўзида токсинларни сақламайди. Шунга қарамасдан мунтазам равишда яшиллик билан боқилган соғлом ҳайвон жигарини истеъмол қилиш мақсадга мувофиқдир. Шахсан ўзим доим қўй жигарини танлайман. Сабаби қўй нисбатан тозароқ озиқланади ва одатда яшиллик билан боқилади. 

Жигар жуда ҳам фойдали маҳсулотдир. Жигар таркибидаги витамин ва минераллар миқдори бошқа озуқаларга қараганда бир неча (ҳатто бир неча юз) баравар юқоридир. Ҳар ҳафта 1 марта 100-200грамм жигар истеъмол қилиб туриш мультивитамин препаратларига деярли эҳтиёж қолдирмайди. 

100 грамм мол жигари таркибида ўртача қуйидаги фойдали моддалар мавжуд: 

  • Витамин В12 – 3460% кунлик миқдорда мавжуд;
  • Витамин А – 860-1100%  кунлик миқдорда мавжуд;
  • Рибофлавин (В2) – 210-260% кунлик миқдорда мавжуд;
  • Фолат (В9) – 65% кунлик миқдорда мавжуд;
  • Темир – 80% кунлик миқдорда мавжуд;
  • Мис – 1620% кунлик миқдорда мавжуд;
  • Холин. Холин мия ва жигар фаолияти учун фойдалидир. 

yumshoq jigar - юмшоқ жигар

ЮМШОҚ ЖИГАР РЕЦЕПТИ

Массалиқлар:

  • 1 кг янги сўйилган Жигар (Буйрак ва Юрак ҳам қўшса бўлади);
  • 1та катта Пиёз;
  • 1/4 стакан Кокос ёғи ёки куйдирилган Сарёғ (топленое слив.масло), Рафинадланмаган Писта ёғи, Зайтун ёғи;
  • 1 боғ Петрушка кўкати;
  • 1/2 та лимон ёки 2 ош қошиқ янги сиқилган Лимон суви;
  • Қора мурч;
  • Денгиз тузи.

Тайёрланиши:

  1. Аввало барча массалиқларни тайёр қилиб олиш керак бўлади. Пишириш жараёнида диққат фақат пишаётган жигарда бўлиши муҳим. Шу сабабли, пиширишни бошлашдан олдин пиёз тўғралади, кўкат майдаланади, лимон суви эса алоҳида идишга сиқиб тайёр қилинади. Пишириш жараёнида това қопқоғини асло ёпиш мумкин эмас, акс ҳолда жигар қотиб пишади. 
  2. Жигар ювилиб, устидан қайноқ сув қуйилади. Қайноқ сув жигар устидаги плёнканинг осон ажралишига кўмак беради. Жигар устидаги плёнка икки томонидан ҳам шилиб олиб ташланади. Бундай қилиш жигарнинг юмшоқ пишишига ёрдам беради. 
  3. Устки пленка қавати олиб ташлангач, жигар 3-4 см бўлакларга бўлинади. Буйрак ва юрак жигардан икки баравар майдароқ тўғралади. Агар жигарга гўшт ҳам қўшилиб кетган бўлса, гўшт иложи борича жуда майда тўғралади (сабаби, жигар тез пишади). 
  4. Чўян това тагига баланд олов ёқилади ва товага ёғ солинади. 
  5. Ёғ қизигач, пиёз солиб оч жигарранг бўлгунча баланд оловда қовурилади. 
  6. Пиёз устидан жигар (ва бошқа орган) бўлаклари солинади ва баланд оловда 4 дақиқа давомида тўхтамасдан аралаштирилади. Туз ва зираворлар асло қўшманг. Шу пайтда диққат доим жигарда бўлиши муҳим. 4 дақиқа ичида жигар ранги ўзгаради. 
  7. 4 дақиқа баланд оловда қовурилгач, жигар устига майдаланган кўкат ва лимон суви солинади ва аралаштирилади. Шу пайт олов пасайтирилади (энг паст оловга ўзгартирилади) ва жигарга таъбга кўра туз ва мурч солиниб, аралаштирилади. Сўнг паст оловда жигарли аралашмани яна 6 дақиқа давомида тез-тез аралаштирилиб турилади. 
  8. Умумий 10 дақиқа пишган жигар тайёр ҳисобланади, аммо жигар бўлакларида сизиб турган қон мавжуд бўлса яна 1-2 дақиқа кўпроқ пиширилади. Бундан узоқ пишириш жигарни қаттиқлаштиради ва шунинг учун тавсия қилинмайди. Това қопқоғини асло ёпа кўрманг, бу ҳам жигарнинг қаттиқ бўлиб қолишига сабаб бўлади. 
  9. Оловни ўчиринг. Унутмангки, олов ўчирилса ҳам жигар пишишда давом этади. Қопқоқни ёпманг.
  10. Пишган жигарни майдаланган ва олма сиркаси қўшилган пиёз ва кўкатлар билан бирга тортиқ қилишингиз мумкин. 

Ёқимли иштаҳа!

Facebooktwittergoogle_plusredditpinterestlinkedinmail

Leave a Reply

avatar
  Subscribe  
Notify of