РЎЗА ТУТГАНДА ОРГАНИЗМДА НИМАЛАР РЎЙ БЕРАДИ? Очликнинг 5 Босқичи ва Ҳар бир Босқичнинг Ўз Фойдалари

Share

Очлик билан даволаш оҳирги пайтларда Ғарб оламида ҳам трендга, яъни модага айланди. Бу бежизга эмас. Оҳирги тадқиқотлар кўрсатишича, очликнинг, яъни рўза тутишнинг организмга бир қатор фойдалари бор. Одатда очликни озиш билан боғлашади, лекин рўза тутиш фақат озишдан ва оч юришдан иборат эмас.

Аслида рўза тутиб юрган инсон организмида бир нечта ўзгаришлар содир бўлади. Рўза тутиш ақлнинг тиниқлашишига, иммунитетнинг кўтарилишига, мушаклар массасининг, яъни ҳажмининг ортишига, кайфиятнинг яхшиланишига ва бошқа кўплаб ўзгаришларга сабаб бўлади. Булар қуруқ гаплар эмас, балки фан билан исботланган фактлардир.

Шундай бўлсада, очлик ҳар ҳил бўлади. Қуйида ҳар бирининг ўз фойдаларини кўриб чиқамиз.

Очликнинг 5 Босқичи ва Ҳар бир Босқичнинг Ўз Фойдалари

1- Босқич (8-12 соатлик Очлик): Қондаги шакар миқдори меъёрга келади

Кунига 8 соатдан 12 соатгача очлик қилиб юрилганида қондаги шакар меъёрга кела бошлайди.

2018 йил тадқиқотига кўра Рўзанинг илк кунларида саккиз соатлик очликдан сўнг қондаги шакар миқдори аввалига пасаяди, организм ҳолсизланади, чарчайди, диққат жамлашга қийналади ва очиқади. Очлик 12 соатга етгунча эса қондаги шакар миқдори меъёрга кела бошлайди. (манба)

12 соатлик очликдан кейин организм энергия учун углеводларни эмас, бадандаги ортиқча ёғларни энергия учун ишлата бошлайди. Бу жараён кетознинг дастлабки босқичи деб аталади. (манба)

2- Босқич (12-18 соатлик Очлик): Кетоз, Ёғларнинг эриши ва Ақлнинг тиниқлашиши

16-18 соатлик очликдан сўнг организм тўлиқ кетоз ҳолатига тушади (манба). Бу дегани, жигар ёғ қатламларини энергия учун ишлата бошлайди ва бу энергияни мускул, юрак ва мия фаолияти учун сарфлайди.

Организм тўлиқ кетоз ҳолатига тушганида, яъни 16-18 соатлик очликдан сўнг одам очликни унчалик ҳис қилмайди ва ақл тиниқлашиши рўй беради. Бундай пайтда дарс қилиш, яъни янги нарсалар ўрганиш яна ҳам осонлашади.

3- Босқич (24 соатлик Очлик): Автофагия ва Ёшариш

24 соатлик очликдан сўнг организмда тикланиш жараёни ишга тушади. Бу жараён эски ва шикастланган ҳужайраларни қайта ишлай бошлайди. Бунда ҳужайралар ўзидаги эски ёки яроқсиз қисмларни қайта ишлаб тиклашни бошлайди. Бу жараён Автофагия жараёни деб аталади.

Автофагия натижасида миядаги шикастланган ҳужайралар ҳам янгилана бошлайди ва организмда яллиғланишлар камаяди.

4- Босқич (36-48 соатлик Очлик): Ўсиш гормони ва Тикланиш

48 соатлик очликдан сўнг организмда ўсиш гормони нақ 400% га кўпаяди. Бу эса мушаклар, яъни мускуллар ҳажмининг ортиши, яра ва жароҳатларнинг тезроқ тузалишига сабаб бўлади.

Демак, 2 кунлик очлик мускул йўқотмасдан, балки тескариси – мускул ҳажмини оширар экан!

5- Босқич (72+ соатлик Очлик): Илдиз ҳужайралари ва Иммунитет

Бу босқич 3 кунлик очлик ҳисобланади. Уч кун оч қолиш осон иш эмас, шунинг учун бундай очликни қилишдан олдин режа қилиш керак. Мазангиз қочиб қолса, очликни тўхтатишга тўғри келиши мумкин.

2014 йилдаги тадқиқотга кўра 72 соатлик очлик иммунитет тизимини деярли тўлиқ янгилар экан. Бунда янги илдиз ҳужайралари пайдо бўла бошлайди ва эски иммунитет ҳужайралари янгилари билан алмашади. (манба)

Хулоса қилиб айтганда, очликнинг ва рўза тутишнинг жуда кўп фойдалари бор экан.

Очлик фойдалари яна ҳам давомли бўлиши учун, оғиз очганингизда кўп кўп тоза сув ичинг. Сув минерал ва электролитларга бой бўлиши керак. Сувни электролитларга бойитиш учун  сувга бироз рафинадланмаган денгиз тузи қўшсангиз бўлади. Кўп қўшиш шарт эмас, сувдан туз мазаси келиши шарт эмас.

Сув ичганингиздан сўнг бироз оқсил ва фойдали ёғларга бой таом ва салат истеъмол қилсангиз фойдали бўлади. Қуруқ ва бўш углеводлар, яъни нон ва шакар истеъмол қилмаганингиз маъқул. Маргарин каби зарарли ёғлардан эҳтиёт бўлинг.

 

5 1 vote
Article Rating
Facebooktwitterredditpinterestlinkedinmail
Subscribe
Notify of
guest
0 Comments
Inline Feedbacks
View all comments