Рўза тутишнинг Исботланган 10 Фойдаси

Share

Очлик ёрдамида организмни соғломлаштириш бутун дунё бўйлаб кенг қўлланиладиган машҳур усуллардан бири ҳисобланади.

Очликнинг турлари кўп. Улардан бири рўза тутишдир (intermittent fasting). Рўза тутганда инсон маълум вақт орасида оч юради ва маълум вақт орасида овқатланади.

Рамазон ойида рўза тутадиганлар рўзани айнан соғлиқ учун тутмайдилар, лекин рўза тутишнинг организмга кўрсатадиган ижобий таъсирларини ҳам инкор этиб бўлмайди.

Рўза тутишнинг организмга таъсирлари устида бугунги кунгача кўплаб илмий тадқиқотлар олиб борилган.

Қуйида рўза тутишнинг исботланган 10 фойдасини кўриб чиқамиз.

Рўза тутишнинг Исботланган 10 Фойдаси

1. Рўза тутиш Ҳужайралар, Генлар ва Гормонларга ижобий таъсир кўрсатади

Организм овқат ҳазми билан овора бўлмаган пайтида энергияни ўзини тиклашга сарфлайди.

Бунда организмда қуйидаги ўзгаришлар рўй беради:

  • Қондаги инсулин миқдори тушади, натижада ортиқча вазн йўқола бошлайди. (1)
  • Қондаги ўсиш гормони 5 баравар ошади (2, 3), бу эса ўз навбатида ортиқча ёғларнинг эриши ва мускул массасининг ортишига сабаб бўлади. (4)
  • Ҳужайралар ортиқча кераксиз қолдиқлардан тозалана бошлайди, ҳужайралар ўзини тиклай бошлайди. (5)
  • Касалликлардан ҳимоя қилувчи ва қаришни секинлаштирувчи генлар ва молекулаларда ижобий ўзгаришлар кузатила бошлайди. (6, 7)

2. Рўза тутиш ортиқча вазн ва бел соҳасидаги ёғлардан ҳалос қилади

Рўза тутаётган инсон табиийки камроқ овқат ейди. Бу эса камроқ калория истеъмол қилиш деганидир.

Бунинг устига, очлик пайтида қондаги ўсиш гормонлари миқдори ошади, метаболизм ҳам 3.6-14%га ошади.(8, 9)

2014 йилдаги тадқиқот хулосаларига кўра, рўза тутиш 3-24 ҳафта ичида 3-8% вазн йўқотишга ёрдам берар экан. Бу эса катта кўрсатгичдир. (10)

Рўза тутган инсонлар бел соҳасидаги 4-7% ёғлардан ҳам ҳалос бўлишган. Бел соҳасида йиғиладиган ёғлар касал қилувчи зарарли ёғлар ҳисобланади.

Рўза тутиш калория чекловчи парҳезларга қараганда мускул массасини камроқ камайтириши ҳам аниқланган. Бу дегани, доим паст калорияли диетада ўтирадиганлар рўза тутадиганларга қараганда кўпроқ мускул ҳажмини йўқотар экан. (11)

3. Рўза тутиш қондаги шакар миқдорини тушириши ва Диабет II рискини камайтириши мумкин

Тадқиқотларга кўра рўза тутиш қондаги шакар миқдорини 3-6%га ва инсулин миқдорини 20-31%га камайтиради. (12)

Бошқа тадқиқот хулосасига кўра эса рўза тутиш буйрак шикастланишидан ҳимоя қилади. Буйрак шикастланиши диабетга йўлиққан инсонларда кўп учрайди. (13)

Тадқиқотлар кўрсатишича, такрорланиб турадиган очлик эркак кишилар учун шубҳасиз жуда фойдали, бироқ аёлларда вазият бироз фарқли экан. Бунга сабаб шуки, аёл организмида наслни давом эттириш (ҳомиладор бўлиш, эмизиш) дастури мавжуд. Шунинг учун аёлларда натижа ҳозирча ҳар хил.

Бир тадқиқотда 22 кун давомида 36 соат оч юриб, сўнг 12 соат ичида бемалол овқатланган аёл ва эркакларда натижа бироз фарқли бўлиб чиқди. 22 кун давомида 36 соатлик рўза тутиш (Intermittent Fasting) натижасида аёлларда глюкозага сезгирлик бироз ёмонлашди, аммо бошқа параметрларда ўзгариш сезилмади. Эркак кишилар учун эса бундай узоқ очлик яхшироқ натижалар кўрсатди. Бунда аёлларда ҳам эркакларда ҳам стрессга чидамлилик кўрсаткичи яхшиланган. (14)(15)

4. Рўза тутиш организмдаги оксидатив стресс ва яллиғланишларни камайтиради

Оксидатив стресс қаришни тезлаштиради ва кўп сурункали касалликларга сабаб бўлувчи омиллардан бири ҳисобланади. (16)

Оксидатив стресс дегани бу эркин радикалларнинг оқсил, ДНК каби муҳим молекулалар билан реакция килиб ишдан чиқаришига айтилади.(17)

Бир неча тадқиқотлар кўрсатишича рўза тутиш организмнинг оксидатив стрессга чидамлилигини оширади, яъни уни камайтиради. (1819).

Шунингдек, рўза тутиш организмдаги яллиғланишларни камайтириши ҳам аниқланди. (19, 20, 21).

Демак, рўза тутиш оксидатив стрессни камайтириши ҳисобига қаришни секинлаштиради ва яллиғланишларни камайтириши ҳисобига организмни соғломлаштирар экан.

5. Рўза тутиш юрак саломатлигига фойда қилиши мумкин

Юрак касалликлари дунё бўйича ўлдирувчи касалликлар ичида энг юқори ўринни эгаллайди. Саратон иккинчи ўринда ва жароҳатлар ҳисобига оламдан ўтиш учинчи ўринни эгаллайди. (22)

Рўза тутиш юрак касалликларига сабаб бўлувчи бир неча риск-факторларни, яъни қон босимини, холестеринни, қон триглицеридлари, яллиғланиш маркерлари ва қондаги шакар миқдори кўрсаткичларини яхшилайди. (23242526)

Рўза тутишнинг юрак саломатлигига фойдаси ҳақида аниқ бир хулосага келиш учун қўшимча тадқиқотлар зарурдир. Сабаби, очликнинг юрак касалликлари билан боғлиқ тадқиқотларнинг аксарияти одамлар эмас ҳайвонлар устида олиб борилган.

6. Рўза тутиш ҳужайраларни тикловчи жараёнларни ишга туширади

Рўза тутаётганимизда организмда ҳужайраларни чиқиндилардан тозаловчи аутофагия деб номланувчи жараён ишга тушади. (2728)

Бунда ҳужайралар ичидаги йиғилиб қолган яроқсиз оқсиллар парчалана бошлайди.

Аутофагия жараёни организмни саратон, Альцгеймер каби турли жиддий касалликлардан ҳимоя қилиши мумкин.

7. Рўза тутиш саратон (рак) касаллигидан ҳимоя қилиши мумкин

Ҳайвонлар устида олиб борилган бир неча тадқиқот натижаларига кўра рўза тутиш (маълум вақтда оч юриш ва маълум вақт овқатланиш) организмни саратондан ҳимоя қилар экан. (29, 303132)

Саратон билан касалланган беморлар устида олиб борилган тадқиқот натижалари шуни кўрсатадики, рўза тутиш химиотерапиянинг зарарли салбий таъсирларини камайтиради. (33)

8. Рўза тутиш мия учун фойдали

Рўза тутиш метаболизмни яхшилайди, бу эса мия учун ҳам фойдали ҳисобланади.

Каламушлар устида олиб борилган бир нечта тадқиқотлар натижаларига кўра рўза тутиш янги нерв толаларининг ўсишига ёрдам беради. Бу эса табиийки мия фаолияти учун ҳам ижобий таъсир кўрсатади. (34 35)

Шунингдек, рўза тутиш миянинг нейротрофик фактори (BDNF) деб номланувчи гормон миқдорини ҳам оширади. Бу гормон миқдори одатда депрессия ва бошқа мия билан боғлиқ касалликлар пайтида камайиб кетади. Демак рўза тутиш орқали бу гормон миқдорининг ортишига эришиш мумкин экан.

Ҳайвонлар устида олиб борилган тадқиқотларга кўра рўза тутиб юриш инсульт натижасида юзага келиши мумкин бўлган мия шикастланишидан ҳимоя қилар экан. (36)

9. Рўза тутиш Альцгеймер касаллигидан ҳимоя қилиши мумкин

Альцгеймер касаллиги дунё бўйича жуда кенг тарқалган нейродегенератив касаллик ҳисобланади. Бу касалликни даволаш деярли имконсиз, шунинг учун унинг олдини олишга ҳаракат қилиш жуда муҳим ҳисобланади.

Каламушлар устида олиб борилган тадқиқотга кўра рўза тутиш бу касалликнинг кечикиши ва унинг енгилроқ тарзда ўтишига ёрдам берар экан. (37)

Клиник кузатувлар шуни кўрсатадики, рўза тутиб юрган одамларнинг 10 тадан 9 тасида Альцгеймер касаллиги симптомлари анча енгил ўтади. (38)

Ҳайвонлар устида олиб борилган тадқиқотларга кўра рўза тутиш Паркинсонс ва Хантингтон каби нейродегенератив касалликлардан ҳам ҳимоя қилиши мумкин экан. (39, 40).

10. Рўза тутиш қаришни секинлаштиради

Каламушлар устида олиб борилган тадқиқотга кўра рўза тутиш умр давомийлигини оширади. (41)

Бошқа бир тадқиқот натижаси эса яна ҳам лол қолдиради. Тадқиқотда ҳар икки кунда бир оч қолдирилган каламушлар умуман оч қолмаган каламушлар гуруҳига қараганда 83% кўпроқ умр кўришади.(42)

Рўза тутиш метаболизмни яхшилаши ва саломатликка умумий ижобий таъсир кўрсатиши умр давомийлигининг ҳам ошишига ҳизмат қилиши табиийдир.

Manba(lar):
Facebooktwitterredditpinterestlinkedinmail

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *