Токсик инсонлар қандай бўлади? Сиз ундай эмасмисиз, текшириб кўринг!

Share

Атрофингизда токсик инсонлар бўлса, улар сизнинг умумий ривожланишингизга йўл қўймайди. Бундай инсонлар ўзингизга бўлган ишончни сўндиради, эмоционал тушкунликка туширади ва сизни доим бошқаришга ҳаракат қилади.

Агар токсик одам ота ёки она бўлса, улар фарзандларининг эмоционал саломатлигига катта путур етказиши тайин.

Яқинларингизга зарар келтирмаяпсизми? Текшириб кўринг.

Токсик инсон қандай бўлади?

1. Токсик одамга ўз фикрингизга эга бўлишингиз ёқмайди ва фақат у хоҳлагандек фикрлашингиз керак бўлади. Одатда ўз ҳаётини бошқара олмайдиган инсон бошқалар ҳаётини шу йўл билан бошқаришга ҳаракат қилади.

2. Токсик одам аслида жабрдийда бўлмаса-да ўзини доим жабрдийда қилиб кўрсатади ёки шундай деб ҳисоблайди. Шу йўл орқали атрофдагиларга эмоционал босим ўтказади. У атрофдагиларни доим айблайди ва танқид қилади.

3. Токсик одам энергиянгизни сўриб олади. Сабаби, токсик одамларда доим пессимистик кайфият бўлади. Уларни ҳурсанд қилиш учун жуда кўп куч сарфлайсиз, лекин эвазига ўзингиз тушкунликка тушасиз.

4. Доим бошқалардан камчилик топишга ҳаракат қилади ва доим бошқаларни танқид қилади. Бошқалар ёмон кийинган, дидсиз ёки шунга ўҳшаш танқидларни кўп қилади.

5. Доим бошқаларнинг эътиборида бўлишни хоҳлайди. Уларни кўкларга кўтариб мақташларини ва катта эътибор беришларини жуда хоҳлайди. Эътиборга ҳеч тўймайди.

6. Газлайтинг, яъни бошқаларнинг ўзига бўлган ишончини сўндирувчи уруғлар экади. Масалан, токсик одамлар зулм кўрган одамни зулм кўргани учун ўзини айблаб қўяқолади. Муаммо қилинган зулмда эмас, айб ўзингда деб кўп таъкидлайди. Зулм кўрганингиз ҳақида фактлар келтирсангиз ҳам барибир ўзингиз айбдор бўлиб чиқаверасиз.

7. Ўзини бошқаларнинг ўрнига қўйиб кўра олмайди. Ўзига ҳудди шундай муомала қилинса қандай ҳис қилишини сўрасангиз, жавоб бермайди ёки яна ўзингизни айблаб қўя қолади.

8. Сиздан доим идеал бўлишингизни талаб қилади, лекин ўзи сиз учун идеал бўлишга ҳаракат қилмайди. Агар идеал бўлмасангиз ўрнингизни бошқалар эгаллаши ҳақида кўп эслатади. Идеалликни талаб қилиб, эвазига сизни танқид қилади ва манипуляция қилади.

9. Доим бошқаларни айблайди. Айб ҳеч қачон уларда бўлмайди. Токсик инсонлар ўзини доим ҳақ ҳисоблайди. Бундай инсонлар хато қилганини тан олмайди. Токсик одамлар доим нолийди ва кимнидир доим айбдор ҳисоблайди.

10. Хатоларингизга катта урғу беради, лекин ўз хатоларини кўрмайди. Шунинг учун ҳам уларнинг олдида хато қилмасликка ҳаракат қиласиз, чунки хато қилсангиз юзингизга кўп солади ва психологик босимга учрайсиз.

11. Бундай инсон олдида “ёпиласиз”. Олдин ҳушчақчақ ва ўзингизни осойишта ҳис қилган бўлсангиз, токсик одамлар олдида ўзингизни яхши ҳис қилмайсиз. Токсик одамлар ўзингизга бўлган ишончни аста-секин сўндиради.

12. Аста-секинлик билан шаҳсий чегарангизни бузади. Токсик одам сизнинг шахсий чегарангизга даҳл қилади ва чегарангизни ҳурмат қилмайди. Қобилиятларингиз ва зеҳнингизни камситади ва паст кўради. Ички ҳиссиётларингизни англатишга уринганингизда сизга масхараомуз қарайди. Нега бундай қилаётганини сўрасангиз сизни телбага чиқариб қўяқолади. Шунинг учун ҳафа бўлсангиз муносабатларингиз бузилмаслиги учун ҳиссиётларингизни билдирмасдан уларни босишга ҳаракат қиласиз.

13. Олдин сизга катта эътибор ва эҳтиром кўрсатади, сўнг бирдан ўзгаради ва ҳар бир ҳаракатингиз унинг асабига тегаётганини билдиради.

14. Сизни доим ҳамма билан солиштиради. Токсик одам сизни ҳамма билан солиштиради ва бошқалардан “яхшироқ” бўлганингиз учун олдин сизни кўкларга кўтаради. Бироз вақт ўтгач эса бошқалар сиздан яхшироқ (тозароқ, ўқимишлироқ, кўркамроқ, дидлироқ ва ҳоказо) эканини таъкидлайди ва сизнинг ўзингизга бўлган ишончингизни сўндиради.

15. Токсик одам бутун борлиғингизни эгаллаб олади. Сиз борган сари кўпроқ улар ва уларнинг дўстлари ва яқинлари билан вақтингизни ўтказа бошлайсиз. Ўз дўстларингиз ва яқинларингизга вақт ажратишингиз камаяди. Уларга ёқмай қолмаслик учун ўзингизни ўққа чўққа уришга мажбур бўласиз ва ўзингизни бора-бора ўз доирангиздан яккалаб кўйганингизни сезмайсиз.

16. Ўзини бошқалардан яхшироқ (бойроқ, гўзалроқ, ақллироқ, озодароқ, тозароқ, зеҳнлироқ ва ҳоказо) деб ҳисоблайди. Сиз эса табиийки уларнинг олдида интеллектуал, эмоционал ва бошқа томонлардан нуқсонлисиз.

17. Одамларни юзига қараб мақтайди ва идеаллаштиради, орқасидан эса уларни сизга ёмонлайди. Муносабатларингиз бузилса, сизни ҳам бошқаларга ёмон кўрсатиб юради.

18. Бундай одамлар олдида ўзингизни ҳотиржам ҳис қилмайсиз. Олдинги ҳотиржамлик ҳисси безовталик ва ташвиш билан алмашади. Узр сўрашингиз кўпайиб кетади, чунки шунга мажбур бўласиз. Уйқудан уйғонганингизда ҳам сизни ташвиш ва безовталик тарк этмаган бўлади. Нега бундай бўлаётганини эса тушунмайсиз. Борган сари безовталик ва ташвиш ҳислари қўрқув, доимий чарчоқ, шок ва бўм-бўшлик билан алмашади.

Ечим қандай?

Агар ўзингизда токсиклик ҳусусиятлари борлигини сезган бўлсангиз, психолог билан маслаҳатлашинг ва ўз устингизда ишланг.

Агар яқинларингизда токсиклик аломатлари бўлса, ўз атрофингизда ишончли дўстларни йиғинг, бу эмоционал ҳолатингиз ёмонлашмаслигига ёрдам беради.

Уларни ўзгартиришга ҳаракат қилманг. Фойдаси йўқ.

Токсик одамлар билан мунозара ва баҳс қилиш фойдасиздир. Шуни ёдда тутинг. Бундай баҳслар бошланса қисқа қилинг ва баҳсдан чиқинг.

Стресс ҳаётингизни ва саломатлигингизни кемириб ташламаслиги учун ўзингизни эҳтиёт қилинг. Соғлом овқатланинг, етарли ухланг, жисмоний тарбия билан шуғулланинг ва атрофингизда позитив инсонларни йиғинг.

Муаммолар эмас, ечимлар устида бош қотиринг.

Facebooktwitterredditpinterestlinkedinmail

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *