Уй шароитида шоколад тайёрлаш унчалик қийин эмас.
Энди гени ўзгартирилган ва сунъий қўшимчалар қўшилган шоколад ҳарид қилмасангиз ҳам бўлади. Ушбу рецепт бўйича тайёрланган шоколад мазаси “Сникерс”нинг ўзгинаси. Биргина фарқи шуки, ўзингиз тайёрлаган шоколад зарарли эмас, фойдали бўлади. Соғлом массалиқлар танласангиз бўлди.
СОҒЛОМ “СНИКЕРС” ШОКОЛАД тайёрлаш
Карамель:
- 1 стакан Араб Хурмоси (“Меджул” хурмоси)
- 2 ош қошиқ Ерёнғоқ пастаси (Арахисовое масло, Peanut butter)
- 1 чой қошиқ Ванилин экстракти
- 1 чой қошиқ Мака порошоги (Maca powder) – солиш ихтиёрий
- 1/4 чой қошиқ Туз
Нугат:
- 2/3 стакан Сули уни (Овсяная мука)
- 1/4 стакан Карамель (тепадаги)
Қолган массалиқлар:
- 1/3 стакан Қовурилган Ерёнғоқ
- 120 грамм Шоколад
Карамель тайёрлаш:
- Хурмонинг данак ва қаттиқ жойини олиб ташлаб 1 стакан тўлгунча идишга босиб пресслаб солинг. Сўнг тўлган стакандаги хурмони каттароқ идишга тўкиб солинг. Хурмо устидан қоплагунча иссиқ сув қуйинг ва 10 дақиқага қолдиринг.
- Хурмоли идишдан суюқликни (хурмо ивиган сувни) ажратиб қуйиб олинг. Бу суюқлик бизга керак бўлмайди. Хурмо бироз нам бўлиши керак, лекин суви оқиб турмаслиги керак.
- Ивиган хурмони, ванилин экстракти, ерёнғоқ пастаси, мака порошоги ва тузни блендерга солинг ва пюре ҳолига келтиринг. Карамель тайёр. ***Мака порошоги солмаса ҳам бўлади, лекин у шоколадга қўшимча карамель мазасини беради. Бунинг устига мака порошоги жуда ҳам фойдали, айниқса аёллар учун.
Нугат тайёрлаш:
- Сули уни тайёрлаш учун 2/3 стакан сулини (овсяные хлопья) блендерга солиб 50-60 секунда давомида майдалаб ун ҳолига келтиришингиз мумкин мумкин. Ун жуда майда бўлиши муҳим, йирик бўлмасин.
- Карамельни блендердан олиб бошқа идишга солинг. Бўшаган блендерга сули уни ва карамельдан 1/4 стакан олиб солинг ва блендер ёрдамида аралаштиринг. Массани қўлингизга олганингизда шакл оладиган бўлиши керак. Нугат тайёр.
“Сникерс” шоколад тайёрлаш жараёни:
- Тўртбурчак япалоқ идишни бироз ёғлаб унинг ичига нугатни пресслаб солинг ва текисланг. Нугат устидан карамельни қуйиб, текисланг. Карамель устига қовурилган ерёнғоқни сепиб чиқинг ва бармоқ билан ерёнғоқларни карамельга ёпишиши учун енгил босиб чиқинг. Сўнг бу идишни музхонага 1 – 1 1/2 соатга ичидагилар қотгунча кўйинг.
- Карамель-нугат қотгач, уни музхонадан олинг ва ўткир пичоқ билан сникерс катталигида ёки сиз истаган катталикда тўртбурчак шаклда кесиб чиқинг. Кесилган таёқчаларни яна музхонага жойланг.
- Шоколадни кичикроқ идишга бўлиб солинг, идишни эса сувли идишга солиб тагидан олов ёқинг. Шоколад эригач, эриган шоколад ичига кесилган карамель-нугатли тўртбурчакларни биттадан солиб, ҳар бирини иккита вилка ёрдамида ағдариб ҳамма жойини шоколад билан қопланг.
- Сўнг ортиқча шоколад оқиб бўлгач, шоколадларимизни пергамент қоғози тўшалган катта тарелка ёки патнисга териб чиқинг. Барча тўртбурчаклар шоколад билан қоплангач, шоколадларни 5-10 дақиқага совутгичга жойланг.
- Сникерс шоколадларимиз тайёр! Уларда зарарли сақловчи моддалар бўлмагани сабабли, бу Сникерс шоколадни совутгичда 10 кунгача сақласангиз бўлади. Узоқроқ сақламоқчи бўлсангиз, бир қисмини музлатиб қўйинг. Музлатилган шоколадни истеъмол қилишдан 5-10 дақиқа олдин чиқариб қўйиб истеъмол қилса бўлади.