Фойдали пицца рецептлари кўп, лекин айнан шу рецептдан жуда кўп фойдаланаман. Бундай пиццани болалар жуда яхши кўришади.
Ушбу пицца киноа донидан тайёрланади ва фойдалилик жиҳатидан таҳсинга сазовордир. Бу пицца нафақат фойдали, балки жуда мазали ва тўйимли ҳамдир.
Бу ппиццани тайёрлаш учун бир кун олдин режа қилиш керак, сабаби олдин донларни ундириб олиб, кейин пиццани пиширамиз. Киноани ундириш жуда осон – илиқ сувга солсангиз, ярим-бир кунда униб чиқади. Бунда бизнинг иштирокимиз керак бўлмайди. Униб чиққан донлардан пицца тайёрлаш 5 дақиқани талаб қилади. Пишириш билан бирга узоғи 20 дақиқада мазали пицца тайёр! Бундай пиццани нонуштага тайёрласа бўлади.
Киноа донлари Тошкент супермаркетларида мавжуд. Чет элда эса бу дон жуда машҳур ва осон топилади.
Қуйидаги массалиқлар миқдоридан иккита кичкина пицца ҳосил бўлади. Бу пиццалар кичкина бўлгани билан жуда тўйимлидир.
Ундирилган Киноа Донидан Пицца Тайёрлаш (Унсиз, Дрожасиз)
Массалиқлар:
Ундириш учун:
- Киноа донлари (Quinoa) – 1 стакан
- Фильтрланган илиқ сув – 2-3 стакан
- Табиий олма ёки узум сиркаси (ёки қатиқ зардоби) – 1/2 -1 чой қошиқ
Пицца нони учун:
- Ундирилган Киноа донлари
- Фильтрланган сув – 1/2 стакан
- Қуритилган Орегано ёки Жамбул/Райҳон – 1 чой қошиқ
- Кокос уни – 2 ош қошиқ
- Зайтун ёғи – 2 ош қошиқ
- Денгиз тузи – 1/2 чой қошиқ
- 2та чўян това (сковородка)
- Товани ёғлаш учун кокос ёки ўсимлик ёғи
Пицца устига:
- Зайтун ёғи – 1 ош қошиқ
- Томат пастаси ёки табиий кетчуп – 1-2 ош қошиқ ёки таъбга қараб
- Табиий пишлоқ – 100 – 200 гр
Киноа донидан пицца тайёрлаш усули:
- Энг биринчи бўлиб, киноа донларини ундириб оламиз. Бунинг учун 1 стакан киноа донларини ювиб, устига тоза илиқ сув қуямиз ва олма сиркаси қўшамиз. Идиш қопқоғини ёпиб, хона ҳароратида стол устида 24-36 соатга қолдирамиз. Бу вақт ўтгач донларимиз униб чиққан бўлади.
- Ивитилган ундирилган киноа донларини яхшилаб ювиб чайиш керак. Яхшилаб ювиб чайилмаса аччиқроқ маза бериши мумкин. Тажрибамда ҳали бу пицца ҳеч қачон аччиқ бўлиб чиқмаган. Киноани 3-4 марта ювиб чаяман.
- Духовкани 220 С (425 F) даражага қиздиринг. Ичига чўян товаларни солиб бирга қиздиринг.
- Ювилган чайилган киноани блендерга солинг. Устидан 1/2 стакан сув солинг. Блендер ёрдамида пюре ҳолига келтиринг.
- Пюре ҳолига келган киноа устидан орегано ва туз солиб, яна блендер ёрдамида аралаштиринг.
- Сўнг 2 ош қошиқ кокос уни солиб, яна блендер ёрдамида аралаштиринг.
- Охирида зайтун ёғи солиб, аралаштиринг.
- Қизиб турган духовкадан товаларни чиқариб уларга кокос ёки ўсимлик ёғи солиб, това ичини ёғланг.
- Ёғланган това ичига хамирнинг ярмини қуйинг ва текисланг. Иккинчи товага ҳам хамирни қолган қисмини солиб, текисланг.
- Товаларни қизиб турган духовкага солиб, 11 дақиқа пиширинг. Сўнг чиқариб, иккинчи томонини пастга қилиб духовкада яна 2 дақиқа пиширинг.
- Тайер пицца нонлари устига зайтун ёғи ёки сарёғ суртинг. Устидан эса томат пастаси ёки кетчуп суринг. Кетчуп устидан эса қирғичдан чиқарилган пишлоқ сепиб чиқинг ва 3 дақиқага духовкага солинг.
- Пишлоқ эригач, пиццаларни чиқаринг ва иссиқлигида истеъмол қилинг.
Ёқимли иштаҳа!