Пицца тайёрлаш, айниқса уни истеъмол қилиш кўпчиликнинг севимли машғулотларидан бири бўлса керак. Лекин пиццани кўп ейиш фойдали эмаслигини билсангиз керак: хамир, дрожа, ун… Аммо, ғам чекишга шошилманг. Брокколидан ҳам пицца тайёрласа бўлар экан. Қойилмисиз?
Пиццани ёқтирмайдиган бола бўлмаса керак, аммо сабзавотларни ҳамма болалар ҳам еявермайди. Сабзавотлар пицца хамирига беркиниб олган бўлсачи?:-)
Бу рецепт синовдан яхши ўтди. Сабзавот зўрға ейдиган болаларим бундай яшил пиццани паққос туширишди. Ўзим қойил қолдим. Тажриба муваффақият билан якун топди 👏👏👏😉
Бундай пицца хамири асосан майдаланган брокколи ва пишлоқдан таркиб топади ва унга ун ёки дрожа қўшилмайди.
Брокколи – супер озуқа!
Брокколи жуда ҳам фойдали бўлган супер озуқа ҳисобланади. Брокколи витамин, антиоксидант ва минералларга жуда бой. Оқсилга ҳам бой. Бир нечта тадқиқотлар натижаларига кўра, брокколи истеъмоли баъзи саратон турларидан ҳимоя қила олар экан. Ундан ташқари, брокколи истеъмоли ошқозон ва ичаклар учун жуда фойдали, шу билан бирга ич қотишининг олдини олади, юрак ва мия саломатлигини таъминлайди. Ҳа, айтганча, брокколи кўп итсеъмол қилиш қаришни ҳам секинлаштирар экан.
Брокколининг фойдали ҳусусиятлари:
- Минерал, витамин, антиоксидантларга бой
- Яллиғланишни камайтиради
- Саратондан ҳимоя қилиши мумкин
- Қондаги шакарни меъёрга келтиради
- Юрок учун жуда фойдали
- Ҳазм тизими учун фойдали
- Ич қотишининг олдини олади
- Мия саломатлигини таъминлайди
- Қаришни секинлаштиради
- Витамин С ҳисобига иммунитетни кўтаради
- Тиш ва оғиз саломатлиги учун фойдали
- Суяк ва бўғимларни мустаҳкамлайди
- Ҳомиладорликнинг соғлом кечишига ёрдам беради
- Терини гўзал қилади ва қуёшнинг зарарли нурларидан ҳимоя қилади
БРОККОЛИдан ПИЦЦА тайёрлаш (Sog’lom pitsa tayyorlash)
Массалиқлар:
- 3 стакан майдаланган Брокколи (тахминан 2та бош брокколи)
- 1 1/2 – 2 стакан қирғичдан чиқарилган табиий Пишлоқ
- 2 дона Саримсоқ
- 1/2 чой қошиқ қуритилган Орегано ёки Райҳон/Жамбул барглари
- 1 та катта Тухум
- 1/4-1/2 чой қошиқ Туз
- 1/4 чой қошиқ Мурч
- Томат пастаси ёки табиий Кетчуп (Organic Ketchup)
How to make broccoli cheese bread:
- Духовкани ёқиб, 220 С (425 F) гача қиздиринг. Пишириш листига пергамент қоғози тўшаб, тайёр қилиб қўйинг.
- Брокколини қирғичдан ўтказинг, пичоқда майдалаб чиқинг ёки ошхона комбайнида майдалаб гуруч холига келтиринг.
- Майдаланган брокколини ўрта оловда товада бир-икки айлантириб, қопқоқни ёпиб юмшагунча пиширинг. Жуда юмшаб кетмасин, бироз юмшаса бўлди.
- Брокколи юмшагач, оловдан олинг. Совугач, 4 қават марля орқали бироз сувини сиқиб ташланг. Брокколини кафтингизга олиб ғижимлаганингизда шакл олса, демак у тайёр. Агар шакл ушламаса, яна бироз сивини сиқиб ташланг. (Ажратилган сувини туз қўшиб ичиш ёки суюқ овқатларга қўшиб юбориш мумкин.)
- Суви сиқилган брокколи устига 1 – 1 1/2 стакан пишлоқ, 1та тухум, эзилган саримсоқ, орегано ёки райҳон, туз ва мурч солиб, аралаштиринг.
- Аралашмани пергамент тўшалган листга ёйиб, шакл беринг. Сўнг бироз қизаргунча (15 дақиқа атрофида) духовкада пиширинг.
- Пицца хамири пишгач, устига қолган ярим стакан пишлоқни сепиб яна 4-5 дақиқа атрофида ёки устидаги пишлоқ эригунча духовкада пиширинг.
8. Пишган брокколи пицца устига кетчуп суриб чиқинг. Кетчуп устидан истасангиз кўкатлар сепиб чиқсангиз бўлади.
Бошқа соғлом таомлар рецепти билан танишиб чиқинг: Соғлом Таомлар
Инглиз тилида таомлар рецепти: Organicbiomama