Болада ИСИТМА! Нима қилиш керак?

Share

Доктор Джанис Салливан (профессор, педиатр ва клиник фармацист) иситма аслида бизга душман эмаслигини таъкидлайди. Доктор Салливан таъкидлашича, иситма бу организмнинг инфекцияларга қарши бўлган курашидир. Бадан ҳарорати кўтарилганда организмда инфекциялар билан курашувчи оқ қон доначалари ҳам кўпаяди. Бу оқ қон доначалари вирус ва бактерияларга қарши тинимсиз курашади. Агар иситмани сунъий равишда туширсангиз, организм инфекциялар билан яхши кураша олмайди ва касаллик чўзилиб кетади.

Педиатр Доктор Свансон тавсия қилишича, иситмага эмас иситмалаётган болага эътибор бериш керак. Агар иситмалаётган бола етарли сув ичаётган бўлса, ўйнаётган бўлса ва кўриниши яхши бўлса, иситмани туширишга ҳожат йўқ.

Доктор Чоу-Джонсон иситма ҳақида қуйидаги фикрларни билдиради:

  • Иситма ҳавфли эмас. Иситмалаётган болани дори ичириш учун уйғотманг. Иситмалаётган бола учун ҳозир уйқу муҳимроқ ва фойдалироқ.
  • Иситмалаётган бола етарли сув ичаётган бўлса, етарли кичик ҳожатга чиқаётган бўлса ва сизга жавоб бераётган бўлса иситмани туширишга ҳожат йўқ. Тескариси бўлса тиббий ёрдам керак бўлади.
  • Мақсадингиз иситма тушириш эмас иситмалаётган болага комфорт яратиш бўлсин. Болага комфорт яратиш учун унга кўпроқ суюқлик ичиринг, илиқ ванна олдиринг.
  • Боланинг терисига спирт ёки ароқ суртманг, сабаби спирт тери орқали қонга сингади.
  • Иситма туширувчи дорини фақатгина бола ўзини жуда ёмон ҳис қилса беринг, яъни шунда ҳам мақсад иситма тушириш эмас балки бола ўзини яхшироқ ҳис қилиши (комфорт) учун бўлиши керак.
  • Дориларни аралаштириб бериб ташламанг, бу дозанинг ошиб кетишига олиб келади ва зарар қилади.

Доктор Чоу-Джонсон ва Доктор Свансонга кўра қуйидаги ҳоллардагина иситмалаётган болага тез тиббий ёрдам керак бўлади:

  • 8 ҳафталик бўлмаган чақалоқда ҳарорат 38°C (100.4°F)дан ошса;
  • Химиотерапия олаётган ёки иммунитети заиф бола иситмаласа;
  • Иситма нима сабабдан чиқаётганлиги аниқ бўлмаса, яъни болада йўтал/шамоллаш/бурун оқиши/оғриқлар бўлмаса ҳам бола иситмаласа ва бундай иситма 2-3 кун давом этса;
  • Иситма 3-5 кундан ортиқ давом этса.
  • 3 ойдан кичик чақалоқларда иситма пайдо бўлса;
  • Иситма 40 °C (104 °F) дан ошса.

Бошқа ҳолларда эса иситмани туширишга ҳожат йўқ.

Фебрил тутқаноқ (судороги) ва иситма

Кўпчилик иситмадан қўрқиши сабаби бу иситма юқори бўлганида болада тутқаноқ (судороги) бошланади деб ўйлашидир. Шунинг учун кўп ота-оналар иситмани тез туширишга ҳаракат қилишади. Аслида эса Педиатрия Журналида чоп этилган тадқиқот хулосаларига кўра иситма туширувчи дорилар иситма сабабидан юзага келиши мумкин бўлган тутқаноқнинг олдини олмайди.

Баланд иситма бирданига ва тез туширилганда болада фебрил тутқаноқ бошланиши эҳтимоли жуда юқори бўлади (манба). Кўп болаларда фебрил тутқаноқ айнан иситма туширувчи дори қабул қилинганидан сўнг бошланади. Бунинг сабаби шуки, иситма туширувчи дорилар иситмани жуда тез туширади ва бадан ҳарорати бирданига ўзгарганда болада фебрил тутқаноқ бошланади. Шунингдек, иситма туширувчи дорилар ёрдамида иситма тушганида организм бадан ҳароратини яна кўтаришга уринади. Дори бадан ҳарорати кўтарилишига тўсқинлик қилавергач организм яна ҳам шиддатли равишда ҳарорат кўтаришга уринади. Натижада ҳарорат яна ҳам тезроқ ва баландроқ кўтарилади (манба).

Фебрил тутқаноқ иситмалаётган болада витамин Д ва Калций танқислиги мавжуд бўлса юзага келиши мумкин (манба). Бошқа тадқиқотга кўра эса болада анемия (камқонлик) бўлса унда фебрил тутқаноқ юзага келиши эҳтимоли кўпроқ бўлади (манба).

Мельбурндаги Роял Болалар Касалхонасига кўра, фебрил тутқаноқ 30 боладан 1 та болада юзага келиши мумкин. Бу одатда 6 ойлик – 6 ёш болалар орасида рўй беради. Фебрил (иситма сабабли юзага келадиган) тутқаноқ болага зарар қилмайди ва мияга салбий таъсир кўрсатмайди (манба).

Иситма кўтарилганда нима қилиш керак?

Юқорида кўриб чиққанимиздек, иситма бизнинг душманимиз эмас, балки организмни инфекция босқинидан ҳимоя қилувчи ҳимоя воситаси эканини билиб олдик.

Иситмани туширмаган ҳолда иситмалаётган болага қандай ёрдам берса бўлади? Боланинг аҳволини қуйидаги маҳсулотлар ёрдамида енгиллаштириб бола организмига ёрдам берса бўлади.

1. Кальций

Иситма кўтарилганда организм суяклардан ионлашадиган кальцийни сўриб олади ва уни қонга юборади ва кальцийни инфекциялар билан курашишга сарфлайди (манба). Иситма пайти заҳиралардан калций сўриб олингани учун ҳам балки баданда турли оғриқларни ҳис этамиз. Баъзи экспертларнинг фикрига кўра иситма пайти кальций организмнинг инфекцияларга қарши курашини яна ҳам самарали бўлишига ёрдам беради ва касалликнинг давомийлигини қисқартиради. Бир кичик тадқиқот натижаларига кўра иситма пайти Кальций ва витамин Д ни биргаликда истеъмол қилиш касалликдан тезроқ ўнгланишга ва касалликнинг давомийлигини қисқартиришга ёрдам беради. Кальцийни энг яхшиси табиий озиқ-овқатлардан олиш керак. Масалан, кунжут, мак, сельдерей, ловия, ясмиқ, сардина балиғи, консерваланган лосось балиғи, йогурт, сузма, қатиқ, ровоч, анжир, табиий пишлоқ кабилар кальцийга ниҳоятда бой бўлади.

Агар кальцийни озиқ-овқатдан олишнинг иложи бўлмаса унинг Кальций цитрат малат (сalcium citrate malate) ва Кальций оротат (calcium orotate) турларини ичса бўлади. Кальцийнинг бу турлари яхшироқ ўзлашадиган турларидир. Кальций билан бирга витамин Д ҳам истеъмол қилиш керак. Витамин Д кальцийнинг яхши ўзлашишига ёрдам беради. Кальций ўз ҳолича яхши ўзлашмайди.  Кальций, витамин Д, витамин К2, Магний ва Витамин В6 биргаликда истеъмол қилинса улар бир-бирини тўлдиради ва организм томонидан осон ўзлашади.

2. Суяк шўрваси

Узоқ қайнатилган суяк шўрваси ниҳоятда фойдали бўлиб, иммунитетни оширади (манба). Қадимдан хасталанган инсонга товуқ шўрваси ичириш урф бўлиб келгани бежиз эмас экан.

Суяк шўрваси тайёрлаш учун 500-700 гр бутун товуқ ёки мол/қўй/балиқ суяклари керак бўлади. Суяк ёки суякли гўштни қозонга солиб, устидан 1 та кичкина пиёз, 2-3 та сабзи, 1 боғ сельдерей пойи, 1 1/2 чой қошик туз, 1 ош қошиқ табиий олма сиркаси, 1/2 чой қошиқ бутун мурч доначалари ва хоҳишга қараб 2 та тозаланган товуқ оёғи ва массалиқларни қоплагунча етарли сув солинади. Шўрва қайноғига етказилади, сўнг олов пасайтирилиб, паст оловда 8-24 соат қайнатилади. Мол суяклари 8-72 соат, балиқ суяклари 6-24 соат қайнатилади.

3. Желатин

Холодец ва суяк шўрваси желатинга жуда бой. Желатин терини гўзал қилади, уйқуни яхшилайди, ҳазм тизимини соғломлаштиради ва иммунитет тизими учун фойдали ҳисобланади (манба). Иммунитет ва организм учун фойдали бўлиши учун желатинга бой суяк шўрваси ёки холодец (лиқ-лиқ) тайёрлашда қафасда эмас яйловда (яшиллик билан) боқилган ҳайвон суякларидан фойдаланиш керак.

4. Гиёҳли дамламалар

Баъзи гиёҳлар иситмани жуда яхши туширади. Масалан, бузина гуллари (elder flowers) иситмани яхши  туширади. Бунинг учун 10 грамм қуритилган бузина гуллари, 20 грамм қуритилган наъматак меваси, 10 грамм қуритилган ялпиз устидан бир литр қайноқ сув қуйиб 30 дақиқа – 4 соат дамланг. Сўнг сузиб олиб, таъбга кўра асал аралаштиринг. Термосга дамласангиз, дамлама совиб қолмайди. (манба).

5. Табиий олма сиркаси

Агар иситмани тушириш керак деб ўйласангиз олмадан тайёрланган табиий олма сиркасидан фойдаланса бўлади. Олма сиркаси иситмани жуда яхши туширади. Бунинг учун 1 қисм олма сиркаси ва 2 қисм сувни аралаштириб, бу аралашмага кичкина тоза сочиқ солиб бироз сиқилади, сўнг бу сочиқ беморнинг пешонасига ва қорнига қўйилади. Бу аралашмани беморнинг илиқ ваннасига ҳам қуйса бўлади. Баъзилар олма сиркаси аралашмасига солиниб сиқилган сочиқни беморнинг оёқ тагига ҳам жойлайди.

6. Илиқ ванна

Иситмани тушириш учун беморни асло совуқ ваннага туширманг. Ҳарорат бирданига ва тез ўзгарганда организм шокка тушиб қолиши мумкин. Илиқ ванна эса болани тинчлантиради ва иситманинг тушишига ёрдам беради. Илиқ ваннага табиий олма сиркаси қўшилса, натижа яна ҳам самарали бўлади.

Facebooktwitterredditpinterestlinkedinmail

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *