ҲОМИЛАДОРЛИККА БИР ЙИЛ ОЛДИН ТАЙЁРЛАНИШНИ БОШЛАНГ (Қандай қилиб дейсизми?)

Share

Ҳомиладорлик даври 9 ой давом этади деб ўйласангиз, адашасиз. Ҳомиладорлик даври камида 15 ой давом этади. Ҳомиладор бўлишдан аввалги 3 ой ҳам ниҳоятда муҳимдир.

Ҳозирда ҳомиладор бўлмасангиз, аммо яқин бир-икки йил ичида ҳомиладор бўлишни режа қилаётган бўлсангиз, соғлом турмуш тарзини ҳозирдан бошлаганингиз маъқул. Ҳомиладорликка камида бир йил олдин тайёргарликни бошлаш, ҳеч бўлмаса 3 ой олдин тайёргарликни бошлаш керак.

Агар ҳомиладорликка тайёргарлик кўрмасдан ҳомиладор бўлган бўлсангиз, сизнинг организмингиз сиздаги резервлардан фойдаланиб қориндаги болага сарф этади. Бунда сизда тишларингиз заифлашиши ёки бошқа танқисликлар пайдо бўлиши мумкин. Агар сиздаги резерв бой бўлса, ҳеч қандай муаммо пайдо бўлмаслиги ҳам мумкин. Ҳавотир олманг, ҳомиладорлик пайтида тўғри овқатланиш ҳомиладорлик ва туғиш пайтидаги жуда кўп муаммоларнинг олдини олади. Ҳомиладорликка олдиндан тайёргарлик кўрсангиз эса ҳомиладорлик яна ҳам кўнгилдагидек ўтишига катта хисса қўшган бўласиз.

Ҳар қандай ҳолатда ҳам соғломроқ турмуш тарзини бошлаш ҳеч қачон кеч эмас.

HOMILADORLIKKA TAYYORLANISH - ҳомиладорликка тайёрланиш

ҲОМИЛАДОРЛИККА ТАЙЁРГАРЛИК КЎРИШ
  1. Ҳомиладор бўлишдан бир йил олдин (ёки камида 3 ой олдин) Фолат, яъни витамин В9 га бой озуқаларни мунтазам истеъмол қилишни бошланг. Агар бундай қила олмасагиз, унда сифатли Фолат қўшимчасини капсула ёки таблетка кўринишида истеъмол қилинг. Аҳамият беринг, фолий кислотаси эмас, айнан Фолат истеъмол қилишингиз керак (Л-Метилфолат ёки Метафолин кўринишида) ёки фолатни табиий маҳсулотлардан олишингиз керак. Фолий кислотаси Фолатнинг синтетик кўриниши бўлиб, ҳамма ҳам фолий кислотасини яхши ўзлаштира олмайди. Яхши ўзлашмаган фолий кислотаси эса муаммолар келтириб чиқариши мумкин. Агар сизда MTHFR ген танқисликлари мавжуд бўлса, сизга фолий кислотаси (фолатнинг синтетик формаси) истеъмол қилиш умуман мумкин эмас, фолат истеъмоли эса ниҳоятда муҳим. MTHFR ген танқисликлари тахминан 40% аҳолида мавжуд бўлади. Фолатга бой маҳсулотлар: ловия, ясмиқ, авокадо, аспарагус, апельсин, брокколи, қизил лавлаги. Фолатга энг бой маҳсулотлар: бузоқ жигари, товуқ жигари, ўрдак жигари. Ярим стакан жигарда 600 мкг табиий Фолат мавжуд. Ҳомиладор бўлишдан олдин бир йил давомида  ҳар куни 800-1200 мкг фолат истеъмол қилиш тавсия қилинади.
  2. Енгил бадантарбия билан шуғулланишни бошланг. Орқа мускулларини ривожлантирувчи машқларни бажаринг. Орқа мускул қанчалик ривожланган бўлса, туғиш ҳам шунчалик осон бўлади. Қўшимчасига енгил бадантарбия ва махсус машқлар қоматингизни яна ҳам гўзал қилади.
  3. Кун давомида сув ичиб юриш одатини шакллантиришни бошланг. Етарли миқдорда тоза сув (фильтрланган ёки тоғ суви) ичишга одатланиш нафақат сизни соғломроқ қилади, балки ҳомиладорликда ҳам доимий сув ичиб юришни осонлаштиради. Ҳомиладорликдан олдин сув ичиб юриш фойдали бўлса, ҳомиладорлик пайти етарли тоза сув ичиб юриш шарт ва муҳим ҳисобланади. Етарли сув ичмаслик амниотик суюқликнинг кирланишига сабаб бўлади.
  4. Уйқуга қониб ухланг. Эрталаб уйғонганда чарчоқ билан уйғонсангиз, демак уйқуга қонмаяпсиз. Бундай ҳолда туш пайти мизғиб олишга ҳаракат қилинг. Кечаси вақтлироқ ухлашга ётинг. Ётоқхонани иложи борича қоп-қоронғи қилинг. Қоп-қоронғи хонада организмда мелатонин (уйқу) гормони яхши ишлаб чиқарилади.
  5. Асаб бузиладиган ҳолатларда асабларни жиловлашни олдиндан ўрганинг. Стрессни бошқаришнинг психологик техникалари билан танишиб чиқинг. Стрессли ҳолатларда асабийлашмасликни (ёки камроқ асабийлашишни) ўргансангиз, бу сизга ҳомиладорлик пайти жуда асқотади. Ҳомиладорлик пайти сизга кўп асабийлашиш мумкин бўлмайди. Инсон ҳаддан ортиқ асабийлашганида унинг организмида жуда кўп салбий жараёнлар рўй беради. Бунга йўл қўйманг. Ҳозир асабийлашаётган нарсангиз эртага унутилади, аммо фарзандингиз саломатлиги ҳар куни ўзини намоён қилиб туради. Демак, фарзанд саломатлиги учун ҳам асабийлашмасликка ҳаракат қилинг. Бунинг учун психологияни бироз  ўрганишга ва албатта организмни керакли озуқалар билан бойитишга (яъни, тўғри овқатланишга) тўғри келади. Шуни ҳам эътиборга олингки, инсон организмида магний етишмаса ҳам инсон жиззаки бўлиб қолади.
  6. Организмингизни соғломлаштиринг: ичакларни соғломлаштиринг, жигар тозаланг ва бошқа соғломлаштириш муолажаларини амалга оширинг.

 

Facebooktwittergoogle_plusredditpinterestlinkedinmail

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *