Йўтал, грипп ва бошқа касалликларга чалинмаслик учун иммунитетни доим соғлом ҳолатда ушлаб туриш кераклиги ҳеч кимга сир эмас. Аммо қандай қилиб?
Иммунитетни оширишнинг табиий усуллари
Иммунитетга ёрдам беришнинг энг асосий қоидаси овқатланиш рационидан рафинадланган маҳсулотларни минималлаштириш ва шакарни рациондан умуман чиқариб ташлашдир.
Ферментланган маҳсулотлар умумий иммунитетни жуда яхши оширади. Иммунитет яхши ишлаши учун озуқа тизимимизда оқсил, рух (цинк) етарли бўлиши керак. Оқсиллар фойдали ёғлар билан бирга ейилиши тавсия қилинади. Оқсил манбалари: соғлом ҳайвон гўшти, тухум, ловия ва дуккаклилар, ёнғоқлар. Рух (цинк)га энг бой озуқалардан бири бу қовоқ уруғидир.
Умумий қилиб айтилса, иммунитет учун фойдали умумий соғлом овқатланишда етарли миқдорда сифатли оқсил, фойдали ёғлар, кўпгина сабзавотлар, ферментланган маҳсулотлар ва минимум табиий шира бўлиши керак. Ҳатто табиий ширин меваларни ҳам ҳаддан ортиқ кўп ейиш тавсия қилинмайди. Рафинадланган шакар эса умуман тавсия қилинмайди. Етарли қуёш, нормал уйқу, баданни чиниқтириб бориш ҳам муҳим.
Бетобланган инсон овқат егиси келмаса, мажбурлаш керак эмас.
Йўталга қарши табиий муолажалар (ёки йўтални уй шароитида даволаш)
Қуйидаги йўталга қарши табиий усуллар ҳомиладор аёллар учун ҳам ҳавфсиз ҳисобланади.
1. Бир чой қошиқ райҳон барглари ва асал аралашмаси пастаси ейилади. Альтернатив равишда райҳон баргларидан чой дамланиб, илиқ чойга асал қўшиб ичса бўлади. Райҳон ҳомиладорликда мумкин ва фойдали, аммо уни жуда кўп миқдорда истеъмол қилиш мумкин эмас.
2. Сабзавот ва пиёзли товуқ шўрваси тезроқ тузалишга ёрдам беради.
3. Саримсоқли лимонад рецепти. 2 бош саримсоқни майдаланг ва 1 литрли шиша идишга солинг. Шиша идишни қайноқ сув билан тўлдиринг ва қопқоғини ёпиб, 30 дақиқага қолдиринг. Сўнгра сувни сузиб олинг, саримсоқларни олиб ташланг ва сузилган сувга 1 дона лимон сувини сиқиб солинг. Таъбга кўра табиий асал билан ширинлаштиринг (шакар мумкин эмас). Илиқ ҳолда ичинг. Бу рецепт 1 ёшдан ошган болалар учун ҳам ҳавфсиздир.
4. Занжабилли чой. Бир ош қошиқ янги қирилган занжабил устидан 1 стакан қайноқ сув қуйилади, усти ёпилиб, 10 дақиқага қолдирилади. Сўнгра таъбга кўра табиий асал ва лимон солинади. Иссиққа яқин илиқ ҳолатда ичилади. Ҳомиладорлар ва эмизикли оналарга кунига 2 стакангача мумкин. Қолганларга кунига 4 стакангача мумкин.
5. Олтин сут рецепти. Озгина сувда (1/4 стакан) 0.5 чой қошиқ куркума (turmeric) ва 0.25 чой қошиқ мурч, истасангиз бироз янги қирилган занжабил (ginger, имбирь) солиб, 3 дақиқа қайнатасиз. Кейин 3/4 стакан ёғли сут қўшилиб қайноғига етказилади. Тайёр бўлгач, бироз сарёғ қўшилса яна ҳам фойдали бўлади. Пропорцияларни таъбингизга қараб ўзгартиринг, аммо куркума ва мурчни доим бирга солинг. Куркума мурчсиз яхши ўзлашмайди. Куркума ва мурчли сут иммунитетни жуда яхши кўтаради ва бу аралашманинг организмга бошқа жуда кўп ижобий таъсирлари ҳам бор.
6. Қизил пиёз ва асал сиропи. Пиёзни пўстидан тозалаб, пастки қисмидан бошлаб горизонтал равишда кесиб чиқинг. Ҳар бир кесилган қисмга табиий хом асал суртинг ва қисмларни устма уст жойланг. Идишни ёпиб, хона ҳароратида 12-15 соатга қолдиринг. Кейинги кун идиш тагига таҳминан 1 стакан сироп ажралиб чиққан бўлади. Бу сироп йўтални осонлаштиради, иммунитетни оширади. Табиий асалнинг кунлик дозаси 1 ош қошиқ бўлгани учун жуда кўп истеъмол қилинмаслиги керак. Сиропдан пиёз мазаси келмайди.
7. Кўп суюқлик ичилади. Наъматак дамламаси (шакарсиз) тавсия қилинади. Янги сиқилган мева ва сабзавот сувларига 1/4 қисм сув қўшиб ичса бўлади. Тайёр соклар, газли ичимликлар мутлақо тавсия қилинмайди.
8. Бузина меваси сиропи (elderberry syrup)дан кунига 3 маҳал 1 ош қошиқдан ичса бўлади. Бузина иммунитени яхши оширади ва болалар учун ҳам ҳавфсиздир.
9. Эхинацея илдизи чойи ёки настойкаси сув билан ичилса бўлади. Эхинацея ҳам иммунитетни жуда яхши оширади ва болалар учун ҳам ҳавфсиздир..
10. Илиқ душ йўтални юмшатади.
11. Томоқни илиқ тузли сувда ғарғара қилиш ҳам яхши ёрдам беради. Илиқ сувга янги сиқилган лимон суви ва асал қўшиб томоқ ғарғара қилиш ҳам самаралидир.
12. Қайнаётган сувдан чиқаётган парни ҳидлаш. Қайнаётган сув пари ҳам қайноқ бўлишини ҳисобга олиб, эҳтиёт чораларини кўринг ва ўзингизни иссиқ пардан бироз узоқ ушланг. Куйишдан эҳтиёт бўлинг.
13. Кўк чой. Кунига 1-2 стакан ичинг.
Саломат бўлинг!
- healthycures.org