Ота-она сифатида қайси тур характерга эгасиз?

Share

Фарзандлар билан муносабатни яхшилаш ва ўртадаги муаммоларнинг олдини олиш учун биринчи навбатда ота-она сифатида ўз характеримиздаги устунлик ва камчиликларимизни билиб олишимиз зарур бўлади.

Психологияда Адлериан назариясига кўра ота-оналар характери асосан 4 турга бўлинади. 

Ота-она сифатида қайси тур характерга эгасиз?

Адлериан назариясига кўра ота-оналар характери асосан 4 турга бўлинади:

  1. Ҳаммадан устун бўлишга мойиллик, яъни бошқалардан устунлик ҳисси  (Superiority)
  2. Назорат қилишга мойиллик (Controlling)
  3. Атрофдагиларга ёқишга уринишга мойиллик (Pleasing)
  4. Тасалли беришга мойиллик (Comforting)

Сизда бу характер турларининг биттаси ёки бир-нечтаси устувор бўлиши мумкин. Қайси турга мойиллигингиз кўпроқ эканини билиб олсангиз, фарзанд тарбиясида қайси соҳада кўпроқ ишлашингиз кераклигини билиб оласиз.

1. Бошқалардан устунлик ҳисси (Superiority) 

Характерингизда устунлик ҳисси кўпроқ бўлса, сизда қуйидаги ҳусусиятлар мавжуд бўлади:

  • Сиз ҳар бир ишнинг идеал ва кам-кўстсиз бажарилишини хуш кўрасиз. Ишларни бошқалардан яхшироқ ва мукаммалроқ бажарасиз.
  • Доим муваффақиятли бўлишга ва шундай кўринишга интиласиз.
  • Бошқаларнинг камчиликларини айтиб турасиз ёки бошқаларнинг камчиликларини тўғрилашни яхши кўрасиз.
  • Ўзингиз ва бошқаларга жуда катта талаблар кўясиз. Бу талаблар баъзан реалликдан узоқ бўлади.
  • Баъзан бошқаларнинг ўзига бўлган ишончининг сўнишига, ўзини қобилиятсиз ҳис қилишига ёки менинг қўлимдан келмас экан деб ўйлашига сабабчи бўлиб қоласиз.

Агар юқоридаги бир ёки бир нечта пунктлар сизга мос бўлса, қуйидаги оддий ўзгаришлар фарзандларингиз ва сизнинг ўртангиздаги муносабатларнинг яхшиланишига ёрдам беради:

  • Фарзандингиз отам ёки онам мен фақатгина бирор ютуққа эришсамгина мени яхши кўради бўлмаса йўқ деб ўйламасин. Бола қандайдир ютуқларга эришолмаган тақдирда ҳам ота-онаси уни доим яхши кўришини билсин ва ҳис қилсин. 
  • Бола бирор ишни яхши уддалолмаса уни доим танқид қилиб тўғрилашга интилманг. Бундай қилаверсангиз бола кейинги сафар барибир уддалай олмас эканман деб ҳаракат қилмай қўяди ва боланинг ўзига бўлган ишончи камаяди.
  • Фарзандингизга кўп маъруза ўқиш ўрнига уни кўпроқ тингланг.
  • Болани ҳаракат қилишга унданг. Уддалай олмаса, танқид қилманг. Бола натижага эришмаган бўлса ҳам ҳаракат қилиб кўргани учун уни мақтанг ва яна ҳам кўпроқ ҳаракат қилиши учун унга илҳом ва мотивация беринг.  Натижага эмас, жараёнга урғу беринг.
  • Болага ҳам танлаш имкониятини беринг. Унинг ҳам фикрини тингланг. Муаммоларнинг ечимини топишда иштирок этсин ва фикрларини билдирсин. Фақат ўзингизнинг эмас, унинг ҳам фикрлари сиз учун муҳимлигини болага билдиринг.
  • Мукаммал бўлмасликка ўзингизга руҳсат беринг. Ахир бу дунёда ҳеч ким мукаммал эмаску.

2. Назорат қилишга мойиллик (Controlling)

Агар сиз доим назорат қилишга мойил бўлсангиз сизда қуйидаги ҳусусиятлар мавжуд бўлади:

  • Сиз учун барча нарса назоратингиз остида бўлиши керак.
  • Лидерликка ва тартибга интиласиз.
  • Баъзан жуда қаттиққўлсиз ва қўл остингиздагиларни доим назорат қиласиз.
  • Нимани қачон ва қандай қилишни ўзингиз хал қиласиз ва бошқаларга буйруқ берасиз.
  • Вақт ўтиб фарзандларингиз сизга бўйсунмай қўйиши ва ўртада келишмовчиликлар юзага келиши эхтимоли катта бўлади.

Агар юқоридаги бир ёки бир нечта пунктлар сизга мос бўлса, қуйидаги оддий ўзгаришлар фарзандларингиз ва сизнинг ўртангиздаги муносабатларнинг яхшиланишига ёрдам беради:

  • Фарзандларингиз ва яқинларингизга камроқ буйруқ беринг ва уларни камроқ танқид қилинг.
  • Агар бола ишларни сизнинг услубингизда ёки сиз хоҳлагандек бажармаган бўлса уни тўғриламанг. Ишни бажаргани учун ёки ёрдам бергани учун унга ташаккур айтинг.
  • Муҳим бўлмаган соҳаларда болага танлаш ҳуқуқини беринг. Масалан, “Мана бу оқ, қора ва қизил пайпоқдан қайси бирини киясан?”, “Қайси китобни ўқийсан? Буними, уними ёки мана бунисими?” ёки “Дам олиш куни қаерга борамиз? Паркками,  зоопаркками?”, ва ҳоказо. Бола кун давомида қарорлар қабул қилишига имконият беринг.
  • Мухим соҳалардагина қаттиққўл бўлинг, қолган соҳаларда эркинлик беринг. Масалан, йўлдан ўтиш қоидаларига амал қилиш жуда муҳим, бунда қаттиққўллик қиласиз. Боланинг соғлиғи ва ҳаёти ҳавф остида бўлмаган пайтларда, масалан сизга идиш ювишда ёрдам бермоқчи бўлса, ҳамма ёкқа сув сачратиб идишларни чала ювишини билсангиз ҳам унга идиш ювишга руҳсат беринг.
  • Кўпроқ “Ҳўп!” денг. “Йўқ” сўзини “Ҳўп”га айлантиринг. Масалан, бола “Бугун паркка борайлик” деса, “Йўқ, бугун қиладиган ишлар жуда кўп” дейиш ўрнига, “Жуда зўр фикр! Жума куни мактабдан кейин ёки дам олиш куни борсак бўлади. Қайси куни боришни истайсан?” десангиз бўлади. “Йўқ” сўзини фақат жуда жиддий ҳолатлар учун асранг.

3. Атрофдагиларнинг кўнглини овлашга мойиллик (Pleasing) 

Бу тур ҳарактер эгалари кўпинча атрофдаги инсонларни ҳафа қилиб қўйишдан қўрқади. 

Агар сизда атрофдагиларнинг кўнглини овлашга мойиллик ҳарактери кучли бўлса сизда қуйидаги ҳусусиятлар мавжуд бўлади:

  • Сиз бошқаларга “Йўқ” дейишни хоҳласангиз ҳам уларни ҳафа қилиб қўймаслик учун кўпинча “Ҳўп” дейсиз. 
  • Конфликт, яъни баҳс-мунозара келиб чиқмаслиги учун бошқалар қилиши керак бўлган ишларни ва  вазифаларни ҳам ўзингиз бажариб қўйишни маъқул кўрасиз.
  • Кўпинча ўзингизни эътиборсиз қолдирилгандек, бошқалар сизнинг қадрингизга етмаётгандек ҳис қиласиз ва бундан ҳафа бўласиз.

Агар юқоридаги бир ёки бир нечта пунктлар сизга мос бўлса, қуйидаги оддий ўзгаришлар вазиятни яхшилашига ёрдам беради:

  • “Йўқ” дейишни ўрганинг ва буни машқ қилинг. Сизнинг вазифангиз юмшоқлик ва қатъийликни мувозанатга келтиришдир.
  • Бошқалар сизни ўзлигингиз учун яхши кўради ва қадрлайди. Уларнинг ҳурматини қозониш учун бошқаларнинг вазифаларини доимий ҳолда ўз елкангизга юклаб олишингиз шарт эмас.

4. Тасалли берувчи (Comforting) 

Ҳарактерингизда тасалли беришга мойиллик кучли бўлса сизда қуйидаги ҳусусиятлардан бири ёки бир нечтаси кўриниши мумкин:

  • Бошқалар билан осон тил топишасиз.
  • Оқим бўйича кетишни хуш кўрасиз, яъни кўпчилик қайси йўлни (фикрни, турмуш тарзини ва хк) танласа шуни танлашни маъқул кўрасиз.
  • Кўпинча уйда қонун қоидалар ва қатъий чегаралар ўрнатмайсиз. 
  • Қатъий кун тартибига амал қилишни ёқтирмайсиз.
  • Аксарият ҳолларда болаларга руҳсат берасиз, тақиқлар деярли қўймайсиз. 

Қуйидаги оддий ўзгаришлар бола тарбиясида яхшироқ натижаларга эришишга ёрдам беради:

  • Қатъий кун тартиби тузинг ва унга доим амал қилинг. Масалан,  мактабдан олдинги ва мактабдан кейинги кун тартиби, уйқу вақтларини белгилаб олинг. 
  • Руҳсат бериш ва қаттиқ туришда мувозанатни сақланг. Доим қаттиқ туриш яхши бўлмаганидек, доим руҳсат бериш ҳам тарбияга салбий таъсир кўрсатади.

Шуни унутмангки…

Шуни ёдда тутингки, ҳеч қайси ҳарактер тури бир биридан яхши ёки ёмон эмас. Ҳар бир ҳарактер турининг ўз фойдали томонлари ва камчиликлари мавжуд бўлади.

Ҳарактерингиздаги ижобий ва салбий томонларни билиш ўз устингизда ишлашни осонлаштиради.

Менинг ҳарактерим шунақа экан, борим шу, менда айб йўқ дейиш муаммоларни ҳал қилмайди.

Масалан, “Мен назорат қилишга мойилман. Бошқача бўлолмайман. Болаларга доим буйруқ бериб ҳар бир олган нафасини назорат қилишдан бошқа усулни қўллолмайман.” ёки “Мен тасалли беришга мойилман, шунинг учун кун тартиби ўрнатолмайман.”, деб ўзингизни оқласангиз ҳам муаммолар ҳал бўлиб қолмайди.

 

5 1 vote
Article Rating
Facebooktwitterredditpinterestlinkedinmail
Subscribe
Notify of
guest
0 Comments
Inline Feedbacks
View all comments