Бола нега инжиқ, нега гап қайтаради, нега бўйсунмайди, нега ака-ука ёки опа-сингиллар билан доим жанжаллашади? Умуман, бола нима учун ўзини ёмон тутади?
Фарзандингиз ўзини ёмон тутаётган бўлса, демак бунинг тагида жиддий сабаблар бор. Ёмон ҳулқ бу касаллик эмас, балки симптом, яъни сабабдир.
Ёмон ҳулкни нима келтириб чиқаради?
Биздан 100 йил олдин яшаб ўтган Австралиялик Доктор ва Психиатр Алфред Адлер (1870-1937) болалар психологиясини чуқур ўрганиб, Адлериан назариясига асос солган.
Адлериан назариясига кўра бола ўзини ёмон тутаётган бўлса, бунинг тагида қуйидаги сабаблардан бири ётган бўлиши мумкин:
- Бола ўзини аҳамиятли ёки керакли ҳис қилмайди.
- Ҳар қандай хулқнинг ортида сабаб ва мақсад бўлади.
- Ёмон ҳулқли бола бу ёмон бола эмас, балки тушкунликка тушган боладир.
Ёмон ҳулқ сабаблари
1.Бола ўзини аҳамиятли ёки керакли ҳис қилмайди
Ҳар бир боланинг озиқ-овқат, бошпана ва ҳавфсиз шароитга бўлган эҳтиёжидан сўнг келадиган энг асосий эҳтиёжи бу кераклилик ва аҳамиятлилик ҳиссидир.
Бола ўзини керакли ҳис қилиши учун ота-онаси билан эмоционал яқин бўлиши зарур.
Бола ўзини аҳамиятли ҳис қилиши учун эса оилада, мактабда ва тенгдошлари орасида ўз ўрнига эга эканини ҳис қилиши керак. Бунинг учун бола қуйидаги тушунчаларга эга бўлиши керак:
- Менинг қўлимдан келади
- Мен кераклиман
- Мен ўз ҳиссамни қўшаман ва ўзгаришларга сабаб бўламан
- Мен мустақил қарор қабул қила оламан
Табиийки, ёш бола ўзи мустақил карорлар қабул қила олмайди. Боланинг нима ёйиши, нима ичиши, қачон ухлаши, нима кийиши – ҳамма-ҳаммасини ота-онаси ҳал қилади. Шунга қарамай, болада мустақил карор қабул қилишга ёҳтиёжи бўлади. Агар бу эҳтиёж қопланмаса, бола буни ўзи истамаган ҳолда ёмон ҳулқ орқали кўрсата бошлайди. Бу дегани барча қарорлар боланинг ўзига қолиши керак дегани эмас, балки болада танлаш имконияти бўлиши керак.
2.Ҳар қандай хулқнинг ортида сабаб ва мақсад бўлади
Бола гап қайтарса, ака-укалари билан жанжаллашса, инжиқланса, демак бола ўзининг бу ҳатта-ҳаракатлари билан бирор мақсадга эришмоқчи. Кўп ҳолларда бу мақсад ота ёки онасининг эътиборига тушиш бўлади. Бу эътибор негатив бўлса ҳам бола учун эътибордир.
Бола ўзини оилада ва жамиятда керакли, аҳамиятли ва эътиборда ҳис қилса ўзини ёмон тутиб бошқаларнинг салбий бўлса ҳам эътиборини ўзига тортишига сабаб қолмайди.
3. Ёмон ҳулқли бола бу ёмон бола эмас, балки тушкунликка тушган боладир
Бола ўзини керакли ва аҳамиятли ҳис қилмаса, вақт ўтиб тушкунликка тушишни бошлайди.
Бола ухлашга ётишдан олдин 45 марталаб сизни қайта-қайта чақираверса, инжиқланаверса, айтганингизни қилмаса ёки бўйсунмаса бола бундай ҳатти ҳаракатлари орқали “Мен аҳамиятли ва керакли бўлишни ҳис қилгим келади, лекин бунга қандай эришишни билмаяпман!”, деяётган бўлади.
Бола ҳис-туйғуларини чиройли сўзлар билан таърифлаб тушинтира олмайди, балки ўзи билмаган ҳолда буни салбий ҳулқ орқали атрофдагиларига билдиради. Бола буни атайин қилмайди. Шунчаки, эътиборга тушиш учун ўзини бошқа яна қандай тутиши мумкинлигини билмайди.
Бу ерда болага катталарнинг ёрдами ва кўмаги жуда зарур бўлади.
Муаммо ечими қандай?
Ўзини “ёмон” тутаётган боланинг ҳулки ортидаги сабабни билиш ва болага ёрдам бериш учун ота-она ўзига қуйидаги саволларни бериши керак:
- Бола мендан нима истайди?
- Унга қандай ёрдам бера оламан?
Ота-она бу саволларга жавоб қидирса муаммонинг илдизини кўра олиши ва болага етишмаётган эътиборни бера олишига ёрдам беради.
Ёдда тутиш керакки, бола ўзининг эътиборга муҳтожлилигини ўзи билмайди! У ҳали ёш бўлгани учун буни тушунмайди, лекин тушунмагани билан унинг эътиборга ва меҳрга бўлган эҳтиёжи камаймайди.
Фараз қилайлик, сиз куни билан иш қўнғироқларига жавоб бериш билан бандсиз. Бола эса ўзига сизнинг эътиборингиз етишмаётганини билади дейлик. Шунда у ёнингизга келиб: “Онажон (ёки отажон), сиз куни билан бандсиз. Менга эса сизнинг эътиборингиз етишмаяпти. Мени борлигимни унутгандайсиз деб ҳис қиляпман. Бу эса мени тушкунликка туширяпти. Менга озгина вақт ажрата оласизми? Мен эътиборингизга тўйиб олсам, бугун ўзимни анча яхши ҳис қилган бўлар эдим.”, деб ҳеч қачон айтмайди.
Бола ўзига айнан эътибор етишмаётганини ўзи тушунмайди, лекин буни тушунмаса ва билмаса ҳам унинг ичидаги бўшлиқ тўлиб қолмайди. Бундай ҳолда бола ҳар бир кичик нарса учун инжиқланишни бошлайди, ишларингизни қилаётганингизда сизга ҳалақит қилаверади, сиз эса бола инжиқланавергани учун асабийлашасиз ва болага унга етишмаётган эътибор ва диққатни салбий кўринишда бўлса ҳам берасиз.
Ёмон ҳулқ ўзига салбий бўлса ҳам эътибор қаратади. Шунинг учун бундай ҳулқ кайта қайта такрорланаверади.
Бола олдингизга келиб: “Отажон (ёки онажон), мени доим ёш боладек кўриб фикрларимни умуман инобатга олмайсиз. Мен ўзимни шахс сифатида ҳис қилмаяпман, бу эса мени тушкунликка туширяпти. Келинг, бир-биримизни эшитайлик. Менинг ҳам ўз фикрим бор. Мени ҳам эшитинг, илтимос.”, демайди.
У бундай дейиш ўрнига нима қилади? Энсасини қотиради, бўйсунмайди ёки айтганингизнинг тескарсини қилади. Бу билан ўзининг шахс эканини сизга ёки ўзига кўрсатмоқчи бўлади.
Бола эътибор ва иззатни ижобий кўринишда ололмаса, уни салбий кўринишда бўлса ҳам олади.
Болага етишмаётган ижобий кўринишдаги эътиборни унга қандай қилиб берса бўлади? Бу ҳақида кейинги мақолаларимизда ёритиб борамиз.
- Адлериан назарияси (Adlerian theory)
- Positive parenting solutions