(1) Болаларда Гижжа Касаллиги белгилари ва олдини олиш усуллари

Share

Гижжа турлари кўп, лекин болаларда асосан қуйидаги гижжа турлари кенг тарқалган

Болаларда энг кўп учрайдиган гижжа турлари:

  • Острица (Pinworm)
  • Лентасимон гижжа (ленточный червь) (Tapeworm)
  • Аскарида (Roundworm)
  • Лямблия (Giardia)

1. Острица гижжаси 

Острица гижжаси кечаси тухумларини орқа тешик атрофига қўяди, шунинг учун ўша жой қичишади ва болани безовта қилади. Қаттиқ қичишиш сабабидан болада уйқусизлик ва уйқуга қонмаслик келиб чиқиши мумкин. Баъзи болаларда қорин оғриб тураши ва кўнгил айнаб туриши кузатилиши мумкин.

Острица болага қандай юқади?

Острица боладан болага ҳожатхона ўриндиқлари орқали ёки гигиенага амал қилмаслик сабабидан юқиши мумкин.

Бундан ташқари, острицаси мавжуд одам нафас олганида ҳам острица тухумларини нафас чиқарганида ҳавога тарқатиши мумкин. Бу тухумлар озиқ-овқатга ўтирса шу йўл орқали бошқа одамга юқиши мумкин.

Острица тухумлари кийим, чойшаб ёки бошқа предметлар устида икки ҳафтагача яшайди.

Острицалар фақат одам танасида яшаши мумкин ва ҳайвонлар орқали юқмайди.

Болада острица гижжаси кўпайиши белгилари

Болада острица мавжудлиги белгилари қуйидагилардир.

Одатий белгилар:

  • Орқа тешик атрофининг қичиши
  • Уйқусизлик

Жиддий белгилар:

  • Иштаҳа йўқолиши
  • Озиб кетиш
  • Инжиқлик ва ҳулқ ўзгариши
Острица юқмаслиги учун чоралар

Острица юқмаслиги учун қуйидаги чораларни кўриш курак:

  1. Гигиенага амал қилиш: доим қўлни ювиб юриш, ички кийимларни ҳар куни алмаштириш.
  2. Қуёш нури: ҳар куни хоналарга қуёш нури тушишини таъминлаш керак, бунинг учун дераза ва эшикларни очиб қўйса бўлади. Острица тухумлари қуёш нурида нобуд бўлади.
  3. Ички кийим ва чойшабларни иссиқ сувда ювиш.

2. Лентасимон гижжа 

Лентасимон гижжа тухумлари истеъмол қилинганида тухумлар ичаклардан ташқарига, яъни тўқималар ёки органларда жойлашса у ерда жойлашиб кисталар ҳосил қилади. Агар тухумлар ичакларда жойлашса ичак деворларига ёпишиб кўпаяди ва ҳар бири 30 йилгача умр кўради.

Ичакларга жойлашган лентасимон гижжалар аввалига ҳеч қандай белги кўрсатмайди, аммо баъзи болаларда кўнгил айнаши ва қорин оғриб туриши кузатилиши мумкин. Шунингдек болада иштаҳа камаяди ва бола озиб кета бошлайди. Баъзи болаларда диарея ва организмнинг сувсизланиши кузатилиши мумкин.

Лентасимон гижжа болага қандай қилиб юқиши мумкин?

Узунлиги 1мм дан 30 метргача (😱) бўлиши мумкин бўлган бу гижжа тури одамга яхши пиширилмаган ёки хом гўшт орқали юқади. Лентасимон гижжа тухумлари чўчқа гўшти, мол гўшти ва балиқ гўштидан юқиши кенг тарқалган.

Лентасимон гижжа одам организмига тухум ёки личинка кўринишида юқади ва ичакларда катталашади. Бу гижжа тури жиддий соғлиқ муаммоларини келтириб чиқаради.

Болада лентасимон гижжа мавжудлиги белгилари

Организмда лентасимон гижжа мавжудлиги белгилари:

  • Қорин соҳасида оғриқлар
  • Қорин соҳасида дискомфорт, ноқулайлик
  • Иштаҳа йўқолиши
  • Вазн йўқотиш, яъни озиб кетиш
  • Ҳазм муаммолари
  • Кўнгил айнаши
  • Бош айланиши
  • Уйқусизлик
  • Терининг сарғайиши
  • Қувватсизлик, нимжонлик
  • Диарея ёки суюқ ахлат келиши
Лентасимон гижжа келтириб чиқариши мумкин бўлган муаммолар

Лентасимон гижжа сегментларга бўлинади ва ҳар бир сегмент тухум қўя олади ва тез кўпаяди. Шу сабабли, кўпаяётган бундай гижжа бутун ичак соҳасини эгаллаб олишга қодир. Ҳар бири бир неча метргача узунлашиб кета олади.

Лентасимон гижжа қуйидаги саломатлик муаммоларини келтириб чиқариши мумкин:

1. Блокировка: ичак йўли, аппендецит, ўт қопи кабиларни тўсиб қўйиш.

Масалан, агар ичак йўли тўсилиб қолса, қорин соҳасида оғриқ пайдо бўлади. 

2. Лентасимон гижжа личинкалари келтириб чиқарадиган инфекциялар

Лентасимон гижжа личинкалари ичак деворларига ёпишиб чуқур кўмилиб олади ва шу орқали қон тизимига ўтиш имкониятига эга бўлади. Личинкадан чиққан гижжа қон тизимига ўтса, бутун организмда айланиб юра олади ва абсцессларни келтириб чиқариши эҳтимоли пайдо бўлади.

Личинканинг қонга ўтиши билан боғлиқ бўлган баъзи кўп учрайдиган белгилар:

  • Абсцесс натижасида ўпканинг оғриши
  • Абсцесс сабабидан келиб чиқадиган йўтал
  • Судорогалар
  • Бош оғриши
  • Ҳарорат кўтарилиши
  • Личинкага аллергия юзага келиши: нафас олишга қийналиш, нафас қисиши, тез юрак уриши, нафас олганда ўпкадан овоз чиқиши – хириллаш, асабийлик, кайфиятсизлик, ҳушдан кетиш.

3. Цистицеркоз – мускуллар ва кўзда паразитлар жойлашиши

Қон тизимига ўтган лентасимон гижжа личинкаси йистицеркоз каби касалликни ҳам келтириб чиқариши мумкин.

Бу касаллик кўп ҳолларда симптомларсиз кечади, яъни одам ичида паразит борлигини сезмай яшайди. Аммо айрим ҳолларда қуйидаги белгилар учраши мумкин:

  • Тери остида бўртиб қолган жойлар пайдо бўлиши
  • Қорин соҳасидаги оғриқлар
  • Кўзнинг хиралашиши
  • Кўзларнинг шишиши

4. Нейроцистицеркоз – мия ва/ёки орқа мия инфекцияси

Лентасимон гижжа мия ёки орқа мияда кисталар ҳосил қилишига нейроцистицеркоз дейилади.

Қуйидаги белгилар инсонда нейроцистицеркоз мавжудлигини билдириши мумкин:

  • Судорогалар
  • Кўз, мускул, мия, орқа мияда кисталар пайдо бўлиши
  • Бош оғиқлар
  • Балансда тура олмаслик
  • Инсульт
  • Миянинг шишиши
  • Мия атрофида ортиқча суюқлик пайдо бўлиши

Нейроцистицеркоз даволанмаса жиддий муаммолар, ҳатто ўлимгача олиб бориши мумкин.

Бу касалликка йўлиқмаслик учун овқат тайёрлаш ва ейишдан олдин доим қўлни ювиш ва гигиенага амал қилиш муҳимдир.

5. Витамин В12 дефицити ва камқонлик

Агар инсонга лентасимон гижжа балиқдан юқса, инсонда В12 витамини танқислиги пайдо бўлади. Бунга сабаб, лентасимон гижжа организмдан муҳим озуқаларни сўриб олади ва инсонда ҳар турдаги танқисликлар, айниқса витамин В12 танқислиги пайдо бўлади.

Витамин В12 танқислиги белгилари:

  • Доимий чарчоқ
  • Нимжонлик
  • Қўл ёки оёқнинг увишиб қолавериши
  • Юрганда.турганда балансни йўқотиб қўявериш
  • Анемия
  • Терининг сарғайиши
  • Тил яллиғланиши
  • Хотира муаммолари
  • Ҳаёл тарқоқлиги

3. Аскарида гижжаси

Аскарида тухуми боланинг ичакларига тушгач, қон тизими орқали айланиб ўпкаларга тушади. Бундай пайтда болада нафас етишмаслиги ва йўтал кузатилади. Аскарида тухуми ўпкадан ичакларга қайтиб катталашади. Бундай пайтда болада иштаҳасизлик ва қорин оғриқлари кузатилади. Баъзи болаларда нимжонлик ва вазн йўқотиш кузатилади. Аскаридаларни баъзан бурун ичида, оғизда ва ахлатда кўриш мумкин.

Аскарида қандай юқади?

Аскарида тухумлари катта ҳожат теккан тупроқда яшайди. Тухумлар инсонга оғиз орқали киради, сўнг эса одамдан одамга катта ҳожат қолдиқлари орқали юқа бошлайди. Масалан, ҳожатдан кейин қўл ювилмаганида юқиши мумкин.

Бу гижжа тури қалинлиги қаламдек бўлади, узунлиги 8 – 40 см гача етиши мумкин. Ҳар бир аскарида ичакларда 2 йилгача яшаши мумкин. Улар жуда тез кўпаяди. Урғочи аскаридалар кунига 200000 талаб тухум қўйиши мумкин ( 😱 ). Бу тухумлар ахлат орқали ташқарига чиқиши мумкин.

Болада аскарида гижжаси мавжудлиги белгилари

Катта ёшли болаларда аскарида мавжуд бўлса, буни билиш қийин бўлади,сабаби симптомлар деярди кўзга кўринмайди.

Кичик болаларда ичаклар торроқ бўлгани учун гижжалар учун жой ҳам камроқ бўлади ва бунда болада қуйидаги белгилар кўзга ташланиши мумкин:

  • Ахлатда аскаридани кўриш
  • Гижжалар бурун ва оғиздан чиқиб кела бошлайди
  • Қорин оғриғи
  • Йўтал
  • Иштаҳасизлик
  • Ҳарорат кўтарилиши
  • Ўсмай қолиш ёки озиб кетиш

Аскаридалар ичак йўлини тўсиб қўйса, болада қуйидаги белгилар кўринади:

  • Қайт қилиш
  • Қорин соҳасида қаттиқлик ва оғриқ пайдо бўлиши
Болага аскарида юқмаслиги учун чоралар

Болага аскарида гижжаси юқмаслиги учун одам аҳлатидан эҳтиёт бўлиш керак, яъни ҳожатхона ўриндиқларини тез-тез тозалаб, ҳожатхонадан чиққач қўлларни яхшилаб ювиш керак. Мева-сабзавотларни ейишдан олдин яхшилаб ювиб кейин ейиш лозим. Агар экинлар инсон чиқиндиси билан ўғитланган бўлса, бу ҳолда яна ҳам эҳтиёткор бўлиш зарур.

Демак, болага аскарида гижжаси юқмаслиги учун қуйидагиларга амал қилиш керак:

  • Мева-сабзавотларни яхшилаб ювиб, пўстини олиб ташлаб ёки пишириб ейиш
  • Кўчадан келганда, овқатланишдан олдин ва ҳожатхонадан чиққандан сўнг қўлларни совун билан яхшилаб ювишни болага одат қилиб сингдириш
  • Тупроқнинг ахлат билан аралашган бўлиши эҳтимоли мавжуд жойларда шахсий гигиена чораларига яна ҳам қаттиқ амал қилиш

4. Болада лямблия мавжудлиги белгилари

Лямблия одамдан одамга юқиши жуда осон. Ҳожатхонадан чиққач қўлини ювмаган инсонлар лямблияни сув ва озиқ-овқатга юқтириши мумкин. Лямблияси мавжуд кучуклар ҳам ахлати билан сув ҳавзаларини, бассейн, ариқ ва шу каби жойларга паразитларни тарқатади. Бундай сувда чайилган озиқ-овқат пиширилмасдан ейилганда лямблия одамга ҳам юқади. Ривожланаётган давлатларда  болаларда диарея эпидемиясининг энг асосий сабабларидан бири бу лямблия паразити ҳисобланади.

Лямблия ичакларда яшаётганда аввалига болада ҳеч қандай ўзгаришлар сезилмайди. Лямблиялар организмнинг ёғларни ҳазм қилишига тўсқинлик қилади, шу сабабли ёғлар ҳазм қилинмагач дияарея бошланади. Бундай ахлат ҳазм қилинмаган ёғлардан иборат бўлади, кўриниши ялтироқ ва ҳиди жуда ёмон бўлади.

Бошқа белгилар:

  • қорин оғриқлари
  • қувватсизлик
  • қорин жуда кўп дам бўлиши, қоринда газлар йиғилиши
  • қориннинг газлар ҳисобига катталашиши
  • иштаҳа йўқолиши
  • кўнгил айнаши
  • баъзан бироз ҳарорат кўтарилиши
  • озиб кетиш
  • доимий чарчоқ

Лямблия мавжудлигини аниқлаш учун бир-неча марта катта ҳожат анализ қилинади. Паразит мавжудлигини аниқлаш учун бошқа тестлар ҳам мавжуд, масалан иммунофермент анализи ёки ELISA-тести.

Лямблия юқмаслиги учун чоралар:

  • Ичимлик сувининг тозалигига катта аҳамият бериш;
  • Мева-сабзавотларни ейишдан олдин яхшилаб ювиш;
  • Болаларни овқат ейишдан олдин, кўчадан уйга кириб келгандан кейин ва ҳожатхонадан чиққанидан кейин доим қўл ювишга одатлантириш;
  • Овқат тайёрлашдан олдин доим қўлни яхшилаб ювиш.

Манбалар:

Pinworms In Kids: Symptoms, Treatment And Prevention 

Signs And Symptoms Of Tapeworm Infections In Humans 

Roundworm Infection in Children

Kidshealth – Giardiasis

Facebooktwitterredditpinterestlinkedinmail

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *