Юз парвариши: Юз терисини Тозалашнинг Қаришни Секинлаштирувчи Усули

Share

Совун ва совунли кўпиклар терингизни қуритиб юборишини сезганмисиз? Совун терининг табиий ёғ қатламини бутунлай ювиб терини қуритиб ташлайди, натижада тери яна ҳам кўп ёғ ишлаб чиқаради, юзда қора нуқтачалар ёки терида вақтли ажинлар пайдо бўла бошлайди.

Совунсиз терини қандай тозалаш мумкин деб ўйлаётгандирсиз. Бахтимизга юз терисини тозалашнинг ҳавфсиз ва ёшартирувчи усули мавжуд. Бу юз терисини табиий шифобаҳш ёғлар билан тозалаш усулидир.

Ёғ терини қандай тозалайди?

Юзга массаж қилиб суртилган табиий ёғ теридаги қаттиқлашган ёғларни ва тери тешикчаларида қолиб кетган ёт моддаларни эритади. Бунинг сабаби оддий – ёғ ёғни эритади. Сўнгра бу ёғни ювиб ташлаш учун илиқ пар ва илиқ сувдан фойдаланилади.

Терини ёғ билан тозалаш терини ичдан тозалайди

Терини ёғ билан тозалашни бошлаганингизда илк кунларда терингизда тозаланиш, яъни детокс аломатлари кўринади. Бунда тери ўз қатламларидаги зарарли ёт моддаларни ташқарига чиқаришни бошлайди. Бунда терида янги тошмалар ва бошқа шунга ўхшаш ёқимсиз ҳолатлар пайдо бўла бошлаши кузатилиши мумкин. Бу ҳолатдан қўрқмай терини совун билан эмас ёғ билан тозалашни давом этганингизда тери ёт моддалардан бутунлай тозаланади ва теринигизда бошқа бундай ноҳуш ҳолатлар такрорланмайди. Бунинг мукофоти соғлом ва гўзал тери бўлади.

Бу усулдан кимлар фойдаланса бўлади? 

Бу тери тозалаш усулидан барча турдаги (ёғли, ҳуснбузарли, қуруқ ва аралаш) тери эгалари фойдаланса бўлади.

Табиий ёғлар терини ичдан тозалайди ва бу тозаланиш жараёнининг илк босқичида терида ҳуснбузар тошиши ва тери ёғлилиги ортиши мумкин. Бу вақтинчалик Детокс (Тозаланиш) даври бўлиб, узоқ давом этмайди.

Бу усулдан доимий фойдаланилса тери соғломлашади, ажинлар камаяди, ёғли тери нормал терига айланади, қуруқ тери соҳибалари доимий тери қуришидан ҳалос бўлишади.

Терингизга мос ёғ ёки ёғ аралашмасини танланг

Табиий ёғлардан мана булардан фойдаланиш мумкин: кастор ёғи ва зайтун ёғи аралашмаси, зайтун ёғи, рафинадланмаган кунгабоқар ёғи, ёки кокос ёғи.

Терини ёғ билан тозалаш учун қуйидаги аралашмалардан фойдаланишингиз мумкин:

  • Ёғли тери соҳибалари учун: 1/3 қисм Кастор ёғи ва 2/3 қисм Рафинадланмаган Зайтун ёғи (ёки Рафинадланмаган Кунгабоқар ёғи) аралашмаси ЁКИ 1/2 қисм Кокос ёғи ва 1/2 қисм Зайтун ёғи аралашмаси;
  • Аралаш тери соҳибалари учун: 1/4 қисм Кастор ёғи ва 3/4 қисм Рафинадланмаган Зайтун ёғи (ёки Рафинадланмаган Кунгабоқар ёғи) аралашмаси;
  • Қуруқ тери соҳибалари учун: Рафинадланмаган Зайтун ёғи (ёки Рафинадланмаган Кунгабоқар ёғи). Бу ёғга кичик миқдорда Кастор ёғи хам қўшсангиз бўлади.

Ёғ аралашмасидаги миқдорни ўз терингизга мослаб ўзгартиришингиз мумкин.

Терини ёғ билан тозалаш усули қандай амалга оширилади?

Терини ёғ билан тозалаш учун сизга табиий ёғ ва кичкина тез қурийдиган сочиқча керак бўлади.

  1. Терини ҳўлламасдан танланган ёғни ёки ёғ аралашмасини юзга суриб айлана йўналишида 1-2 дақиқа массаж қилинг. Бундай қилиш теридаги барча ёт моддаларни, шу билан бирга пардозларни ҳам эритади. Истасангиз юздаги ёғни юзда 10 дақиқага қолдиришингиз мумкин. Бундай қилиш терини чуқур тозалашга ёрдам беради.
  2. Кичик сочиқчани иссиқ сув билан яхшилаб ҳўлланг ва сиқинг. Сўнгра сочиқни очиб юзингизга жойланг. Бундай қилиш юзда иссиқ парни юзага келтиради. Сочиқчани юзда 1 дақиқа ёки совигунча ушлаб туринг. Сочиқчани яна иссиқ сувда ювиб сиқинг ва бошқа томонини юзга 1 дақиқага жойланг. Сўнгра сочиқчанинг учлари билан қолган ёғларни артиб ташланг. Юз ёғ билан тозалангач ва ювилгач, юзда бир қатлам ёғ қолади – бу табиий ва юз учун фойдали.
  3. Юз ёғ билан тозалангач терига намлантирувчи кремлар керак бўлмайди, аммо тери ёғга мослашгунга қадар намлантирувчи кремлардан фойдаланишингиз мумкин бўлади.

Терини ёғ билан тозалашни энди бошлаган бўлсангиз қуйидаги маслаҳатларга амал қилинг

  • Юзни ёғ билан тозалашни бошлаганингизда 1-2 ҳафта давомида тери бунга мослашади ва ичдан тозаланади. Бундай ҳолда терида детокс, яъни тозаланиш аломатлари кузатилади. Бунда тери яна ҳам ёғли бўлгандек кўриниши ёки юзда янги тошмалар пайдо бўлиши мумкин. Бу сизни асло қўрқитмасин ва совундан фойдаланишга ўтишингизга ундамасин. Орада совун ёки совунли кўпиклар ишлатсангиз тери тозаланиш босқичи яна ҳам узайиб кетиши мумкин.
  • Ёғларни аралаштирганингизда терингизга ёқадиган аралашмани танлаш бироз тажриба қилишни талаб этиши мумкин.
  • Юзни душ хонасида тозаласангиз, ванна ичини ёғлардан тозалашни унутманг, бўлмаса сирпанчиқ бўлиб қолиши мумкин.

UzShifo.Info

Facebooktwittergoogle_plusredditpinterestlinkedinmail

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *