Ассалому алайкум! Ўзингиз биласиз, ширинликларни кўпчилик яхши кўради. Яқинда шакар ҳақида катта мақола ёзган эдим. Шакарсиз ёки ширинликларсиз яшаб бўларканми деб ўйлаган бўлсангиз керак. Аслида ширинликларсиз бемалол яшаса бўлади, лекин уларни озуқавий қийматини юқори қилган ҳолда тайёрласа улардан воз кечишга ҳожат қолмайди.
Озуқавий қиймати паст бўлган маҳсулотларга оқ ун (айниқса, сунъий оқартирилган ун – bleached flour), рафинадланган (оқ) шакар ва маргарин кабиларни киритиш мумкин. Бундай маҳсулотлар аста-секинлик билан саломатликни издан чиқариши исботланган.
Агар оқ ун сунъий оқартирилмаган (unbleached) бўлса ва дорисиз ўстирилган буғдойдан тайёрланган бўлса, унинг унчалик зарари бўлмайди. Чет элларда бундай унни органик оқ ун деб аташади. Бундай унни озуқавий қиймати юқори бошқа озуқалар билан бирга меъёрда истеъмол қилса бўлади. Шундай бўлсада, бу рецептда буғдой уни ишлатилмайди.
Расмдаги маффинлар креми ҳинд ёнғоғи, лимон суви ва асалдан тайёрланган. Ранг учун голубиканинг қариндоши – блубери ишлатдим. Ранг учун истасагиз ежевика, малина кабилардан ҳам фойдалансангиз бўлади.
Маффинларнинг ўзи кокос уни, бодом уни ва эзилган банандан тайёрладим. Кокос уни шундай унки, у ўзига юқори миқдорда суюқлик шимиб олади, шунинг учун кам миқдорда ишлатилади. Бунинг устига бу ун ниҳоятда тўйимли ва фойдали маҳсулотдир.
Маффинлар мазали чиққан бўлса ҳам, мен учун бироз қуруқдек туюлди. Бу эса менинг хатоим, чунки хамирга майдаланган мева (қулупнай) солишни унутган эканман. Қулупнай ўрнига гилос, олма ёки истаган бошқа мевани солсангиз ҳам бўлади.
Аслида бу кексчалар устига крем қилиш шарт эмас, кремни болалар кўзи қувнаши учунгина қилдим 🙂 Бу крем иссиқда эриб кетади, шунинг учун кремли маффинлар совутгичда сақлангани яхши.
Ҳа, айтганча, маффин қоғозини ҳарид қилаётганингизда қоғозда умуман ранг бўлмаслигига аҳамият беринг. Мен ишлатган қоғозлар рангли, уларни шу пайт бошқа қоғоз бўлмаган учунгина ишлатдим. Кейинги сафар албатта оқартирилмаган (unbleached) маффин қоғозларидан фойдаланаман.
СОҒЛОМ МАФФИНЛАР – Глютенсиз Кремли Кексчалар Рецепти
Массалиқлар:
Маффинлар учун:
- 3/4 стакан Бодом уни (ивитилиб қуритилган бодомнинг майдалангани)
- 3/4 стакан Кокос уни
- 6 ош қошиқ Картошка крахмали ёки Тапиока уни
- 4-6 ош қошиқ қуритиб майдаланган Стевия барги ЁКИ Кокос шакари ЁКИ Хурмо шакари
- 1 1/2 чой қошиқ Ош содаси
- 1/2 чой қошиқ Туз
- 2 та катта Тухум
- 1/4 стакан Ёғ (эритилган сарёғ, эритилган кокос ёғи бошқа)
- 2 чой қошиқ Ванилин экстракти
- 1 чой қошиқ Олма сиркаси
- 1 1/2 стакан эзилган пишиб кетган Банан
- 1 1/2 стакан Қулупнай (майдаланади)
Крем (ихтиёрий):
- 1 1/2 стакан Ҳинд ёнғоғи
- 1/4 стакан янги сиқилган Лимон суви
- 1/3 стакан эритилган Кокос ёғи ёки Сарёғ
- 1/2 стакан + 2 ош қошиқ Ёғли сут ёки Ёғли Кокос сути
- 1/4-1/2 стакан Асал ёки Заранг сиропи
- 1/4 стакан музлатилган Ёввойи Блуберри (ранг учун)
Маффинлар тайёрланиши:
1 . Аввало димхонани (духовкани) 350° F (180° С) ҳароратгача қиздириб турамиз.
2. Катта идишда унлар, крахмал, стевия (ёки кокос/хурмо шакари) ва тузни аралаштиринг.
3. Алоҳида идишга тухумларни чақинг, аралаштиринг. Устилан ёғ, ванилин экстракти ва эзилган бананни солинг.
4. Ош содасини кичикроқ идишга ёки каттароқ қошиққа солинг, унинг устидан олма сиркаси қуйинг. Сода кўпириб кетади. Кўпириш камайгач, сода+сиркани тухумли аралашмага қўшинг.
5. Қуруқ массалиқлар аралашмасини тухумли аралашма устига солинг ва яхшилаб аралаштиринг.
6. Хамирга майдаланган қулупнай солиб, эҳтиёткорлик билан яна аралаштиринг. Мен бу сафар солмадим, лекин кейинги сафар албатта соламан.
7. Хамирдан 12 та катта маффин чиқади. Маффин қоғозига жойлангач, духовкада 40 дақиқа ёки маффинлар усти қизаргунча пиширилади. Димхоналар ҳар-хил бўлишини ҳисобга олиб, маффинларингиздан тез-тез хабар олиб туринг – куйиб қолмасин.
Крем тайёрланиши (ихтиёрий):
1. Ҳинд ёнғоғини 6 соатга ивитиб қўйинг. Сўнг 2-3 марта чайиб ювинг.
2. Ивитилиб чайилган ҳинд ёнғоқларини блендерга солинг. Устидан бошқа крем массалиқларини солинг ва блендерни ёқинг. Силлиқ масса ҳосил бўлиши керак.
3. Кремни 1 соатга совутгичга жойланг.
4. Совуган маффинлар устини крем билан безанг. Кремли маффинларни дастурхонга тортинг ёки совутгичда сақланг.
Ёқимли иштаҳа!