ИЧАКЛАРЛАРНИ ДАВОЛАШ ва ТОЗАЛАШНИНГ БУДВИГ УСУЛИ

Share

Ичаклар соғлиғи умумий соғлиқнинг асосидир. Ичаклар соғлом бўлмаса бошқа  кўп касалликлар пайдо бўлаверади. Ичак микрофлораси иммунитетнинг 70% қисми учун жавоб беради (1). Бу микрофлора мия билан боғланади, шу сабабли ичаклар соғлиғи соғлом мия фаолияти учун ҳам жуда зарур (2). Демак ичакларнинг соғлом микрофлорасини таъминлашда эътиборли бўлиш жуда ҳам муҳим.

Бир кунда камида бир марта катта ҳожатга боришингиз керак, бундай бўлмаса бу бошқа касалликлар бошланишига олиб боради. Ичакларни даволаш, ичаклар микрофлорасини яхшилаш, қон ва лимфа тизимини тозалаш учун ичаклар тозаланиши керак.

Ичакларни тозалаш жараёни бир неча кундан бир неча йилгача давом этиши мумкин. Бу сизнинг ичакларингиз соғлиғига боғлиқ. Умрингиз давомида қанча кўп антибиотик олган бўлсангиз, ичаклар давоси ҳам шунча узоқ давом этади. Ичаклар носоғлом бўлса уларни бутунлай тузатиш фақатгина бир икки тозалаш билан битмайди, балки умумий овқатланиш тарзини соғломлаштириш, гижжаларни тушириш, жигар тозалаш (баъзан камида 6 марта) кабилар зарур бўлади.

Ичакларни тозалаш усуллари кўп. Қуйида биз ичаклар фаолиятини яхшилашнинг энг осон ва қулайларидан бирини кўриб чиқамиз.

ДОКТОР БУДВИГ ПАРҲEЗ УСУЛИ 

Олти марта Нобел мукофотига номинант бўлган Доктор Жоанна Будвиг бу усулни саратоннинг олдини олувчи ва тузатувчи усули деб таърифлаган. Шу билан бирга бу усул артрит, астма, диабет, қон босими муаммолари, неврологик муаммолар, склероз, гормонал бузилишлар, юрак касалликлари, псориаз, экзема, ҳуснбузар ва бошқа ҳроник касалликларда ижобий таъсир қилади. (3)

Умумий йўл-йўриқлар

  • Майдаланган зиғир уруғи истеъмол қилинганида истеъмол қилинган зиғир ҳажмидан 5 баробар кўп суюқлик ичилиши жуда муҳим.
  • Зиғир уруғининг ивитилиб, ундирилиб, қуритилганини яна ҳам фойдали бўлади.
  • Бу диета учун сузма тайёрлашда ёғсиз сутдан қатиқ тайёрланади. Қатиқ 4 қават докага солиниб, зардоб ва сузмага ажратилади. Зардобни бошқа эҳтиёжларингиз учун ишлатиш учун сақлаб қўйсангиз бўлади.  Бундай зардоб совутгичда ёпиқ идишда бир неча ой сақланади. Жуда юқори ҳароратда пастеризатсия қилинган сутларда сут протеинлари ўзгаришларга учрагани сабабли ушбу диета учун пастеризатсияланган сут тавсия қилинмайди
    Қўшимча маълумот учун яйловда боқиладиган сигир қаймоғи ва сарёғи табиий сарғиш рангда бўлади. Бунга сабаб яшилликлар ейдиган ҳайвон сутида каротин кўп бўлишидир.
  • Бу диетада сузма ва зиғир ёғи аралашмаси фақат қуйидаги рецепт бўйича тайёрланиши ва сузмасиз катта миқдорда зиғир ёғининг ўзи истеъмол қилинмаслиги керак. Бу диетада зиғир ёғи доим сузма билан бирга истеъмол қилиниши шарт.
  • Зиғир ёғи ҳар ишлатилишдан олдин яхшилаб аралаштирилиши ва доим совутгичда сақланиши керак.
  • Сузмадаги олтингугуртли оқсиллар (сернистый белок) зиғир ёғи билан бирлашганда бу аралашмадаги тўйинмаган ёғ кислоталари ва бошқа моддалар тана ҳужайралари томонидан осон ўзлашади, дефиcит мавжуд органларни Омега-3 ёғлари  билан тўйинтиради, ҳужайраларга кислород етиб бориши осонлашади.(4)
  • Бу диетада қуёшга тез-тез чиқиб туриш ва енгил жисмоний тарбия ҳам тавсия қилинади.
  • Танланадиган зиғир ёғи совуқ услубда сиқилган, иситилмаган бўлиши, қўшимча моддаларсиз ва доим совутгичда сақланган бўлиши муҳим. Зиғир ёғини узоқроқ сақлаш учун кичикроқ идишларга (таҳминан 250 мл) солиб музлатилса, 12 ойгача бузилмайди. Керак пайти музхонадан олинади ва совутгичда эритилади. Қайта музлатилмайди. Совутгичда сақланмаган зиғир ёғи аччиқроқ мазага эга бўлади.
  • Зиғир уруғи бир кунда 6 ош қошиқдан кўп истеъмол қилинмаслиги керак. Одатда бир кунда 1-3 ош қошиқ зиғир уруғи етарлидир.
  • Бу диетадан ташқарида профилактика учун зиғир ёғининг кунлик дозаси ҳар 45 кг учун 1 ош қошиқдир.
  • Бутун донлар қоронғи, ёпиқ идишда ва салқин жойда бир неча ой яхши сақланади. Майдаланган зиғир уруғи эса кўп сақланмайди, шу сабабли зиғир уруғи истеъмол қилинишидан олдингина майдаланиши лозим.
  • Зиғир ёғини 37 C ҳароратдан юқорида қиздириш мумкин эмас.
  • Зиғир ёғи ва сузма аралашмасига куркума ва мурч бирлашмасини қўшиш аралашмани яна ҳам фойдали қилади. Куркума яллиғланишларни кетказади, мурч эса курмуманинг организм томонидан осон ўзлашишини таъминлайди.
  • Кимёвий моддаларсиз ўстирилган ва радиация билан ишлов берилмаган зираворлар танланг.
  • Зиғир ёғи совутгичда сақланиши муҳим, бўлмаса аччиқ мазаси пайдо бўлади.

Бу диетада қуйидагиларни истеъмол қилиш қатъиян ТАҚИҚЛАНАДИ:

  • Маргарин, гидрогенлаштирилган ёғлар, транс ёғлар, рафинадланган ёғлар.
  • Оқ шакар, қанд, сироплар, патока, новвот.
  • Оқ нон, макарон, пишириқлар, жўҳори;
  • Музқаймоқ, сут маҳсулотлари (тузсиз сузма, қатиқ, уй йогуртидан ташқари);
  • Ҳайвон ёғлари ва гўшт,
  • Колбаса, сосиска;
  • Денгиз маҳсулотларининг ҳаммаси;
  • Соя маҳсулотлари
  • Гени ўзгартирилган маҳсулотлар;
  • Пестицидлар;
  • Рўзғорда ишлатиладиган кимёвий тозалаш воситалари (ўрнига чой содаси ва сирка ишлатинг);
  • Кимёвий таркиби зарарли бўлган косметика;
  • Дори-дармонлар;
  • Синтетик витаминлар;
  • Микротўлқинли печ (микроволновка), тефлон, алюмин идишларда овқат қилиш ва иситиш мумкин эмас. (Пўлат, чўян, керамика, шиша мумкин).

Парҳез жараёнида қуйидагилардан фойдаланиш ва истеъмол қилиш МУМКИН:

  • Ширинликлардан: стевия, иситилмаган ва пастеризация қилинмаган табиий хом асал, араб хурмоси, анжир, магиз, ўрик, малина, қулупнай, қорағат каби табиий мевалар ва янги сиқилган(!) мева сувлари. Янги сиқилган мева ва сабзавот сувларига бироз сув (1/4 ҳажмда) қўшилиб ичилиши керак. Сабзи сувига сув қўшмаса ҳам бўлади, лекин бироз ёғ (рафинадланмаган, совуқ сиқим) қўшилса сабзидаги витамин А яхши ўзлашади.
  • Барча сабзавот ва мевалар (пестицидларсиз);
  • Парда пиширилган сабзавотлар;
  • Гиёҳлар;
  • Ёнғоқлар (ерёғоқдан ташқари). Қўшимча маълумот учун шу ерга босинг.
  • Уруғлар (масалан қовоқ уруғи, кунгабоқар уруғи…).
  • Ширинлаштрилмаган кимёвий моддаларсиз кокос стружкаси, кокос пюреси;
  • Хом какао (қовурилмагани);
  • Бутун донлар ва улардан тайёрланган ун. Қўшимча маълумот учун шу ерга босинг.
  • Уй товуғи тухуми;
  • Табиий ачитқида пиширилган сарёғсиз нон (сарёғ зарарли маҳсулот бўлмаса ҳам бу диетада сарёғ ейиш тавсия қилинмайди);
  • Совуқ сиқим ёғлари: зиғир ёғи, зайтун ёғи, кокос ёғи, рафинадланмаган кунгабоқар ёғи. Зиғир ёғи совутгичда сақланиши муҳим, бўлмаса аччиқ мазаси пайдо бўлади.

Будвиг диетаси қандай амалга оширилади?

Будвиг диета усули ичаклар ҳолатини яхшилайди, тозалайди ва соғломлаштиради.

Бу парҳез услубида катта миқдорда зиғир ишлатилгани учун уни сузма билан бирга истеъмол қилиш муҳим. Бундай қилинмаса фойда ўрнига муаммолар келиб чиқиши мумкин. Сузма ва зиғир аралашмаси организм томонидан жуда яхши ўзлашади.

Қуйидаги аралашма блендерда аралаштирилиши, бир ҳил масса ҳосил бўлиши керак ва бундай аралашмада ёғ ажралиб туриши керак эмас. Сузма яйловда боқиладиган сигир ёки эчки сутларидан олиниши муҳим. Нотабиий яшаш шароитидаги қуёш кўрмайдиган, яшилликдан кўра бошқа озуқалар кўп ейдиган ҳайвонлар сути ҳам носоғлом бўлади. Сифатли сут деганда яйловда боқиладиган ҳайвон сутининг ултра-пастеризатсия қилинмаган тури назарда тутилади. Қуйидаги рецептларга куркума ва мурч бирлашмасини қўшиш яна ҳам яхши натижалар беради.

Будвиг диетаси тезгина бошланмасдан аста секинлик билан бошланмши керак. Бунда бир неча кун (1-3 кун) олдин ҳар тонгда ферментланган карам сувини ичиш бошланиши керак. Озгинадан кўпайтириб, бир мартада 1 стакангача ферментланган карам суви ичилади. Озуқа сифатида кунига 3 маҳал пиширилган сулини ёки гречкани янги майдаланган зиғир уруғи (2-4 ош қошиқ) билан бирга ейилади. Кунига камида 3 маҳал иссиқ гиёҳ чойлари (крапива чойи, яплиз, малина барги, сули пояси, кўк чой…); эрталаблари соат 10 ларда янги сиқилган сабзи суви (ичига бироз совуқ услубда сиқилган ёғ қўшилади); қуртилмаган қичитқи ўтининг сиқилган сувини бироз янги сиқилган лимон суви ва бироз сув билан аралаштириб ичиш ҳам тавсия қилинади; янги сиқилган сабзавот сувлари (оқ шолғом, сабзи ва бошқалар) ичилади. Таом кетидан таом ейилиб аралаштирилиб ташланмайди.

Керак бўлувчи ускуналар:

  • Кофе майдалагич. Майдалаш тишлари алюмин бўлмагани яхши. Бу бизга зиғир уруғларини майдалаш учун керак бўлади. Зиғир уруғлари майдалангач, 20 дақиқа ичида ейилиши керак. Шу сабабли ҳаммасини олдиндан майдаламанг.
  • Қўл блендери (таёқча блендер, иммерсион стиcк блендер) ёки оддий блендер.
  • Мева суви сиқувчи теҳника (соковыжималка).

УМУМИЙ РЕЦЕПТ (ПРОФИЛАКТИКА УЧУН)

180 мл кефир ёки 100 гр сузма ёки 180 мл кокос йогурти
4 ош қошиқ ундириб қуритилган Зиғир ёки Чиа уруғлари (майдаланади)
1 ош қошиқ Зиғир ёғи
1 чой қошиқ Куркума
1/4 чой қошиқ Мурч

Барча массалиқлар блендерда аралаштирилади ва кунига 1 маҳал оч қоринга истеъмол қилинади. Бу аралашма нонушта сифатида ҳам истеъмол қилинса бўлади.

ТЎЛИҚ БУДВИГ ДИЕТАСИ (1-3 ой)

Кун давомида илиқ кўк чой, ялпиз чой, наъматакли чой, ивитилган магизли сув ёки бошқа гиёҳли чойлар ичиш муҳим.

Минерал сув ичилади. Бу сувга лимон суви, табиий олма сиркаси кабиларни қўшсангиз бўлади.

Кунлик зиғир ёғи профилактик дозаси  ҳар 45 кг вазнга 1 ош қошиқ зиғир ёғидир. Ичаклар ҳолатини яхшилаш учун қуйидаги парҳез қилинганида ҳар 45 кг учун 3 ош қошиқ зиғир ёғи истеъмол қилиниши мумкин. Сузма ва бошқа массалиқлар зиғир ёғи ҳажмига пропортсионал тарзда кўпайтирилади ёки камайтирилади.

Нонуштадан аввал 0.5-1 стакан ферментланган карамдан ажралган сув

НОНУШТА (мўлжал: 2 ош қошиқ Зиғир ёғи)

3 ош қошиқ янги майдаланган зиғир уруғи устидан мавсум меваларидан бири (олма, қулупнай, апелсин, банан ёки бошқа истаганингиз) майдаланиб ёки қирилиб солинади. Бунинг устидан эса Будwиг мюслиси қуйилади. Майдаланган ёнғоқ (қўшимча Омега-3), ярим чой қошиқ долчин (яллиғланишларга қарши), кимёвий моддалар қўшилмаган кокос стружкаси қўшсангиз бўлади.

Будвиг мюслиси. Бу диетада асосий реcепт бўлган Будвиг мюслисини тайёрлаш учун қуйидаги массалиқлар блендер ёрдамида аралаштирилади:

4 ош қошиқ (100 гр) сифатли сутдан юмшоқ тузсиз ёғсиз сузма (яйловда боқилган сигирники)
2 ош қошиқ зиғир ёғи
3 ош қошиқ янги майдаланган зиғир уруғи
1-2 ош қошиқ сифатли хом сут ёки сув
0.5-1 чой қошиқ асал (истасангиз солманг)

Юқоридаги массага солиш мумкин бўлган иҳтиёрий ва таъбга кўра қўшимча массалиқлар:

  • Долчин
  • Аччиқ қалампир (cayenne pepper) – чимдим
  • Лимон суви
  • Майдаланган бодом\
  • Майдаланган грек ёнғоғи (ерёнғоқ мумкин эмас)
  • Табиий ванилин (синтетик оқ упаси эмас)
  • Рафинадланмаган денгиз тузи – чимдим
  • Ўрик данаги – кунига 6 донадан кўп эмас
  • Денгиз карами
  • Қуруқ мевалар (магиз, ўрик, араб хурмоси ва бошқалар)

Ёғ, сут ва асал блендерда бир ҳил масса ҳосил бўлгунча аралаштирилади. Сўнгра озгинадан сузма солиниб аралаштирилади. Масса жуда юмшоқ бўлиши ва ёғ кўринмаслиги керак. Керак бўлса яна бироз сут ёки сув қўшилади. Кейин қўшимча массалиқлар солиниб, аралаштирилади. Бу аралашма тайёрлангач, 20 дақиқа ичида истеъмол қилинишини кераклиги боис олдиндан кўп қилиб тайёрланмайди. Энг узўги ярим кун ичида истеъмол қилиниши лозим.

Нонуштадан 2-3 соат кейин янги сиқилган сабзавот ёки мева сувлари ичилади: сабзи, олма, селдир, занжабил илдизи, лавлаги ва ҳоказо. Лавлаги суви умумий сиқилган мева-сабзавот сувининг 10%идан ошмаслиги керак. Мева-сабзавот суви сиқилгач, сиқилган сув ҳажмининг 1/4 қисмича оддий тоза сув қўшиб кейин ичилади. Сабзи сувига сув қўшиш шарт эмас, лекин бироз зайтун ёғи солиш тавсия қилинади. Янги сиқилган мева-сабзавот сувларини кун давомида ичиш тавсия қилинади.

ТУШЛИК (мўлжал: 1 ош қошиқ зиғир ёғи).

1- вариант.

Салат: ферментланган карам, кимчи, қирилган сабзи, қирилган турп, редиска, кашнич, кўк пиёз кабилар устидан Будвиг салат соуси қуйилади. Ферментланган карамда жуда камёб витамин К2 мавжуд бўлгани сабабли уни доим истеъмол қилиш тавсия қилинади.

♦ Будвиг салат соуси: 2 ош қошиқ юмшоқ сузма (қатиқни 4 қават докага солиб ҳосил қилинади ва йогурт каби юмшоқ ҳолга келтирилади) ЁКИ 1 ош қошиқ қаттиқ сузма ва 1 ош қошиқ сифатли сут аралашмаси устидан 1 ош қошиқ Зиғир ёғи, 0.5 ош қошиқ янги сиқилган лимон суви ва/ёки табиий иситилмаган филтрланмаган олма сиркаси, 0.5 чой қошиқ хантал (горчица), бироз рафинадланмаган денгиз тузи (Celtic sea salt, HImalayan sea salt), кўкатлар (укроп ва бошқалар) солиниб, блендерда бир ҳил масса ҳосил бўлгунча аралаштирилади. Қўшимча равишда ферментланган бодрингга ўхшаш ферментланган сабзавотлар қўшсангиз бўлади.

2-вариант.

Парда пиширилган сабзавотларга Будвиг салат соуси ёки Будвиг спреди қўшилади. Қўшимча сифатида ивитилиб пиширилган донлар (гуруч, гречка, арпа кабилар) ёки картошка ҳам ейилиши мумкин.

♦ Будвиг спреди: 1 ош қошиқ зиғир ёгига 2 ош қошиқ ёғсиз сузма қўшилиб блендерда бир ҳил масса ҳосил бўлгунча аралаштирилади.

Мева ёки руҳсат берилган ширинликлар тушлик овқатидан ярим ёки бир соат олдин ейилиши мумкин, аммо овқатдан сўнг ейиш мумкин эмас.

Тушликдан 3 соат ўтгач (таҳминан 16:00) таҳминан 1 стакан янги сиқилган мева-сабзавот суви ичилади.

КEЧКИ ОВҚАТ (мўлжал: 0.5 ош қошиқ зиғир ёғи)

Кечки овқатни таҳминан соат 18:00га режа қилинг. Овқатлар ҳудди тушликдаги вариантлар каби бўлиб, зигир ёғи миқдори 0.5 ош қошиқдир. Тушликдаги каби 1-вариантдаги салат ёнига сабзавотли шўрва ва пиширилган маржумак (гречка) ёки пиширилган арпа қўшсангиз бўлади.

Manbalar:

1) “Allergy and the gastrointestinal system“, G.Vighi, F.Marcucci, Clin Exp Immunol. 2008 Sep; 153(Suppl 1): 3–6.

2) Gut–brain link grabs neuroscientists

3) Dr. Johanna Budwig’s Healing Diet & Protocol

4) Budwig Protocol

5) Dr. Axe “Budwig Diet Protocol”

6) BUDWIG DIET ESSENTIALS, RECIPES

Facebooktwitterredditpinterestlinkedinmail

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *