ГУЛЯШ ва КАРТОШКА ПЮРЕСИ (Болалар учун таомлар)

Share

Бу таом вақт билан синалган таом бўлиб, катталар учун ҳам болалар учун ҳам бирдек тўғри келади. Болалар учун таомлар юмшоқ бўлиши ва қуруқ бўлмагани маъқул. Ушбу Гуляш ва картошка пюреси юмшоқ ва оғизга ёқади – гўшт қуруқ бўлмайди. Албатта, гўштнинг қаттиқ ёки юмшоқ чиқиши гўштга ҳам боғлиқ бўлади, лекин умумий қилиб айтганда бу рецептдаги гўшт юмшоқ бўлиб пишади.

Рецепт манбасининг айтишича, ушбу рецептдан совет давридаги боғчаларда фойдаланган экан. Ўзим ҳам боғчага борганман, лекин бундай таомни, тўғриси, эслолмайман. Нима бўлганда ҳам, бу таом жуда мазали!

Гуляш ва картошка пюреси қанчалик фойдали?

Бу таом учун картошка пюреси тайёрлаганда, пюрега сут солмаганингиз яхши. Сабаби, гўшт ва сутни аралаштириш тавсия қилинмайди. Қатиқ ёки сметана истеъмол қилиш эса мумкин.

Умуман олганда ушбу гуляш ва картошка пюреси оқсилга ва фойдали ёғларга бой таомдир. Картошка эса углевод билан таъминлайди.

Болалар учун таомлар: ГУЛЯШ ва Картошка пюреси

 

ГУЛЯШ ва Картошка пюреси (Болалар учун таомлар)

Массалиқлар:

  • Мол гўшти – 0.5 кг
  • Пиёз – 1 та
  • Сабзи – 1 та (солмаса ҳам бўлади)
  • Томат пастаси – 1 чой қошиқ
  • Буғдой уни – 1 ош қошиқ
  • Лавр япроғи – 1-2 дона
  • Сметана – 1 ош қошиқ (солмаса ҳам бўлади)
  • Туз – тахминан 0.5 чой қошиқ
  • Сув – 1 стакан + 0.5 стакан (тахминан)
  • Мурч доначалари – 3 та (солмаса ҳам бўлади)
  • Ўсимлик ёғи ёки Ги (Ёғ танлаш)

Пюре учун:

  • Картошка – тахминан 0.5 кг
  • Сарёғ ёки куйдирилган сарёғ (топленое масло) – 50  гр
  • Туз

Гуляш тайёрлаш:

  1. Гўштни нимталаб чиқинг. Кичикроқ бўлакларга бўлиб, ёки юпқа паррак кессангиз ҳам бўлади. Сўнг гўштни бироз ёғда енгил қовуриб олинг. (Агар қовуришни истамасангиз, гўштни товага солиб, устидан бироз қайнаган сув, пиёз, сабзи ва ёғ солиб қопқоқни ёпиб ўрта-паст оловда димлашингиз ҳам мумкин.)
  2. Гўшт енгил қовирилгач, устидан 1 стакан сув қуйинг. Қайноғига етгач, оловни пасайтириб, қопқоқни ёпинг. Гўшт юмшагунча димланг (камида 1 соат).
  3. Эътибор беринг, гўшт бульон билан қопланиб турган бўлиши керак. Гўшт юмшагач, устидан туз, мурч, ва лавр япроғи солинади.
  4. Ярим стакан илиқ сувга 1 чой қошиқ томат пастаси, 1 ош қошиқ ун, сметана солиб вилка ёрдамида яхшилаб аралаштирилади.
  5. Гўштни тинмасдан аралаштириб турган ҳолда устидан томатли сувни қуйинг. Аралашма тез қуюқлашишни бошлайди. Аралаштириб турмасангиз, гўшт тез тагига олиши мумкин.
  6. Сўнг қопқоқни ёпиб, яна 5-10 дақиқа димланг. Агар бу вақтда овқат суви парланиб кетса, бироз сув қўшинг. Агар гуляш жуда қуюқ бўлиб кетса ҳам керакли қуюқликгача сув қўшиингиз мумкин.
  7. Тайёр гуляшни исталган гарнир билан тортиқ қилсангиз бўлади. Биз гарнир учун картошка пюресини танладик. Пюре ўрнига гуруч, гречка ёки бошқа гарнир танласа ҳам бўлади.

Гуляш учун картошка пюреси тайёрлаш:

  1. Картошкани жуда юмшоқ пишгунча сувда қайнатинг.
  2. Картошка пишгач, сувини тагида озгина қолдириб, тўкиб ташланг. Бир коса сувини алоҳида олиб қўйинг.
  3. Иссиқлигида яхшилаб эзиб, пюре ҳолига келтиринг. Агар жуда қуруқ бўлиб кетса, олиб қўйган картошка сувидан бироз қўшинг.
  4. Картошка пюре ҳолига келгач, таъбга кўра туз ва сарёғ қўшиб, аралаштиринг.

Рецепт манбаси: Светлана

Facebooktwitterredditpinterestlinkedinmail

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *