ШАКАР ЎРНИГА НИМАЛАР ИСТЕЪМОЛ ҚИЛСА БЎЛАДИ? Зарарли ва Соғлом Ширинлаштирувчилар ҳақида батафсил

Share

Олдинги мақолада шакарнинг организмга қанчалик зарар қилишини кўриб чиққан эдик. Қуйидаги маълумотлар олдинги мақолада кўриб чиқилган бўлсада, мавзунинг жуда муҳимлиги сабабли яна алоҳида тўлиқроқ пост қилишга қарор қилдим.

Аввало, қарамликни келтириб чиқаргани ва зарарли бўлгани учун истеъмол қилиниши мутлақо тавсия қилинмаган ширинлаштирувчилар билан танишиб чиқинг.

shakar bu zahar

Шакар. Ҳамма ёқ шакар…

Носоғлом ширинлаштирувчилар рўйхати

Носоғлом ширинлаштирувчиларга қуйидагилар киради:

  • Оқ (рафинадланган) шакар;
  • Оқ (рафинадланган) қанд;
  • Жигарранг шакар. Жигарранг шакар бу оқ рафинадланган шакарга бироз меласса қўшиб ранг берилган шакар холосдир.
  • Жўхори сиропи (High-fructose Corn Syrup). Сироп жўхоридан ажратиб олиниши учун жўхори маҳсус кимёвий жараёндан ўтказилиши керак. Бунинг натижасида эса оддий шакардан ҳам ҳавфли модда пайдо бўлади. Шакар бир-бирига боғланган 50:50 пропорциядаги фруктоза ва глюкозадан иборат бўлса, жўхори сиропи 55:45 пропорцияда бир-бирига боғланмаган фруктоза ва глюкозадан иборатдир.
  • Сунъий ширинлаштирувчилар: аспартам, декстроза ва бошқалар.
  • Ксилитол (Xylitol)

Чойга унда нима соламан?

Носоғлом ширинлаштирувчилар ўрнига нималар истеъмол қилса бўлади?

Рафинадланган шакар ўрнига қуритилган ўрик, қуритилган қора узум (майиз), қуритилган оқ тутва шу каби ширин мевалардан (шакар қўшмай) сироп қилиб, пишириқларда ишлатса бўлади. Албатта, бунда рецептларга бироз ўзгартириш киритишга тўғри келади.

Ширин чой ичишни хуш кўрсангиз, шакар ўрнига стевия баргининг қуритилганини чой билан бирга дамлаб ичиб кўринг. Албатта, шакар мазасига ўрганган инсон бирданига стевия мазасига ўрганиши осон бўлмайди. Шундай бўлса-да, стевия шакар ўрнини босиши мумкин бўлган ажойиб ширин баргли ўсимликдир. Стевия шакардан бир-неча марта ширин бўлгани учун кам миқдорда ишлатилади.

Турли мевалардан тайёрланадиган шинни ҳам ажойиб табиий ва фойдали ширин маҳсулот ҳисобланади. Шинни тут, узум, ҳатто қовун ва тарвуздан ҳам тайёрланса бўлар экан. Шинни тайёрлаш учун мева суви сиқиб олинади ва шакар қўшмасдан паст оловда қуюлгунча қайнатилади. Шиннини ширинлик сифатида ишлатса бўлади ва болаларга ҳам меъёрда берса бўлади.

Олма пюреси (ёки олма соуси) баъзи кекс ва пирог каби пишириқларда шакар ўрнини босиши мумкин. 2 стакан олма пюресини тайёрлаш учун тўртта катта олмани пўстидан ва уруғларидан тозалаб буғда пиширинг ёки ёпиқ идишда бироз сув билан юмшагунча димланг. Пишган олмаларни блендерда пюре ҳолига келтиринг. Бундай олма пюресини пишириқларда шакар ўрнига ишлатиш учун пишириқдаги бошқа суюқликлар миқдорини камайтиринг.

Пишиб кетган банан эзмаси ҳам баъзи пишириқларда шакарнинг ўрнини боса олади.

Унутмаслик керакки, ҳатто табиий ширинликлар истеъмолида ҳам меъёр муҳим.

Меъёрда истеъмол қилинганида зарарли бўлмаган табиий ширинлаштирувчилар рўйҳати

Меъёрда истеъмол қилинганида безарар ҳисобланган баъзи табиий ширинлаштирувчилар қуйидагилардир:

  • Шакар қўшилмаган ва иситилмаган табиий асал;
  • Табиий қуритилган мевалар: ўрик, майиз, оқ тут ва бошқалар;
  • Стевия (ширин баргли ўсимлик);
  • Араб хурмоси;
  • Шакар қўшмасдан тайёрланган шинни;
  • Рафинадланмаган қуритилган қамиш суви;
  • Кокос шакари;
  • Шакар қўшилмаган тўқ рангли заранг сиропи (кленовый сироп). Заранг сиропи тўғридан-тўғри дарахтдан ажратиб олинади.
  • Жаггери – қамиш сувининг қуюқлашгунча қайнатилиб, сўнг қуритилгани. Жаггери (“гур”) асосан Ҳиндистонда ишлаб чиқарилади.
  • Меласса (патока). Меласса бу шакарнинг рафинация жараёнида ажратилиб олинадиган тўқ рангли ёпишқоқ ширин моддадир.
  • Қуритилган монк меваси (monk fruit/luo han) – асосан чет элларда машҳур.
  • Олма пюреси (apple sauce) – буғда пиширилган ва эзилган олма пюреси. Олма пюреси (ёки олма соуси) баъзи пишириқларда шакарнинг ўрнини боса олади.

Шакарнинг организмга кўрсатадиган зарарлари ҳақида қуйидаги мақолада ўқишингиз мумкин:

“Жамиятни заҳарлаётган дастурхон кўрки”

Facebooktwittergoogle_plusredditpinterestlinkedinmail

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *