БОЛА ЭМИЗИШ ва ОНА СУТИНИ КЎПАЙТИРИШ ҚОИДАЛАРИ (Эмизиш Даврининг Муваффақиятли Ўтиши учун Энг Муҳим Тавсиялар)

Share

Она сути янги туғилган бола учун энг мукаммал озуқадир! Она сутининг шифобахш ҳусусиятлари жуда кўп ўрганилган ва доим барчани ҳайратга солиб келган.

Эндигина дунёга келган чақалоқда эмиш рефлекси мавжуд бўлади. Она сути ҳам айнан шу чақалоқ учун мос ва идеал таркибда бўлиб, чақалоқ ўсиши билан она сути таркиби бола эҳтиёжларига қараб ўзгариб бораверади.

Афсуски, бугунги кунда узоқ эмизиш унчалик урфда эмас. Сабаби сунъий болалар сутини ишлаб чиқарувчи компанияларнинг кучли рекламаси ва ёш оналарда бу соҳада маълумот ва билим етарли эмаслигида бўлса ажаб эмас. Янги оналар томонидан “Сутим кам”, “Сутим суюқ”, “Сутим тўйимсиз” каби гапларни кўп эшитамиз. Аслида ҳам шундай бўладими?

98% фоиз аёллар фарзандларини муваффақиятли ва тўлиқ эмизишга қодирдирлар. Бунинг учун эмизиш санъати ҳақида бироз билим ва кўникма етарлидир.

она сути билан эмизиш - ona suti bilan emizish

Фарзанд дунёга келишининг илк ҳафталари эмизишни йўлга қўйиб олиш учун муҳим ҳисобланади.

Эмизиш даврининг муваффақиятли ўтиши учун қуйидаги қоидаларга амал қилиш муҳим:

  1. Бола туғилиши билан илк ярим соат ичида болани эмизишга ҳаракат қилинг. Бунда оғиз сути келади. Оғиз сути тўқ сариқ рангда бўлиб, кўп келмайди (бошида 1-2 томчидан келиши мумкин). Оғиз сути ёрдамида боланинг стерил ичакларига муҳим фойдали бактериялар экилади ва бу жуда муҳим жараён ҳисобланади. Чақалоққа шакарли сув (глюкоза) асло берманг, бу сув оғиз сути билан аралашиб бола ичакларида бижғиш ва газ ҳосил бўлишига олиб келиши мумкин.
  2. Бир неча кундан кейин оғиз сути ўрнига одатий она сути кела бошлайди. Эмизиш бошида суюқ, ранги оч ёки рангсиз сут келади. Бола эмавергач, таҳминан 10-20 дақиқадан сўнг сут қуюқлашади, ранги ҳам оқ ёки сариққа айланади. Сутнинг суюқ қисмида витаминлар кўп ва у боланинг чанқоғини қондиради. Суюқ сутни асло соғиб ташлай кўрманг, она сутининг илк томчиларида витамин Д миқдори энг катта миқдорда бўлади. Шунда ҳам витамин Д она сутида етарли эмас, шу сабабли тез-тез қуёшга чиқиб туриш она ва болага маслаҳат берилади (қўл ва юз очиқ туриши етарли).
  3. Сутнинг қуюқ қисмида ёғ кўп ва бу сут илк суюқ сутнинг яхши ҳазм бўлишига ёрдам беради. Шу сабабли бола ўзи эмишдан тўхтагунча кутиш керак ва кўкракни вақтидан олдин тортиб олиб қўйиш керак эмас. Суюқ ва қуюқ сут истеъмоли балансда бўлиши учун таҳминан 3-4 соат ичида фақат бир кўкрак билан эмизиш жуда муҳим. Сутнинг қуюқ қисмидаги ёғлар бола мияси тўғри шаклланиши учун муҳим, шунинг учун бола ўзи эмишдан тўхтамагунча болани эмизишни тўхтатиш тавсия қилинмайди. Сутнинг суюқ қисмидан сўнг келувчи қуюқ ёғли қисм жуда кам келаётгандай туюлса ҳам аслида 1-2 томчидан келадиган ёғли сут бола мияси учун ниҳоятда фойдали бўлади. Бунда она ҳам фойдали ёғлар истеъмол қилиб туриши муҳим (соғлом сигир сарёғи, ёнғоқ, қора седана ёғи, совуқ ҳолда сиқилган зайтун ёғи, кокос ёғи, соғлом қўй ёғи/думбаси, илик ва ҳоказо). Зарарли ёғлардан эса қатъиян чекиниш керак (маргарин, рафинадланган ёғлар, гидрогенлаштирилган ёғлар). Она овқатланиши унчалик яхши бўлмаса ҳам она сути қиймати барибир жуда юқори бўлади ва ҳеч қайси сунъий сутлар таркиби она сутига тенг кела олмайди. Она тўғри овқатланмаса, организм она сути ишлаб чиқаришда она организмидаги заҳиралардан фойдаланади.
  4. Чақалоқни соатга қараб эмас, чақалоқ талаб қилганда (тез-тез) эмизиш керак. Бу она сути миқдорининг кўпайишига сабаб бўлади. Суткасига камида 10-12 марта эмизишни режа қилинг. Талаб бўлмаса, таклиф ҳам бўлмайди. Кам эмизсангиз, сут ҳам камаяди. Кўп эмизиб юборишдан қўрқманг (бунинг иложи ҳам йўқ), кам эмизишдан қўрқинг. Она сути осон ҳазм бўлади ва ошқозонда узоқ туриб қолмайди.
  5. Чақалоқ қорни очгани аломатларини кўрсатиши билан эмизинг, йиғлашини кутманг. Болани йиғлатиш керак деган тушунча нотўғри. Бола қорни очса қўлини оғзига олиб келиши ва оғзини очиши мумкин ёки ён атрофдан кўкрак қидиргандай бўлади. Бу белгилар вақтида пайқалмаса, бола йиғлай бошлайди.
  6. Янги чақалоқ кундузи 2 соатдан ортиқ вақт, кечаси эса 4 соатдан ортиқ эммасдан ухлаши тўғри эмас. Бундай ҳолда янги чақалоқни уйғотиб эмизиш тавсия қилинади.
  7. Онага тез-тез эмизиш қулай бўлиши учун кундузи маҳсус слинглардан фойдаланиш, бола билан кечаси бирга ухлаш тавсия қилинади. Бола билан бирга ухлаганда она боланинг ҳар бир товуш ва ҳаракатига сезгир бўлади. Бундай инстинкт фақат онада бўлади. Она уйқу дориси ёки ҳавфли наркотик моддалар истеъмол қилганда ёки спиртли ичимликлар истеъмол қилса, бу инстинкт ишламайди – бундай ҳолда бола билан бирга ухлаш ҳавфлидир. Бундай ҳолат бўлмаса, бирга ухлаш ҳам бола ҳам она учун қулай бўлиб, она сути яхши ишлаб чиқишида катта ёрдам бўлади. Бирга ухлаганда она эмизиб параллел ҳолда ухлайверади. Она тафтини ҳис қилиб ухлаш бола психикаси учун ҳам жуда фойдали: бола меҳрга қониб, ҳотиржам ухлайди, бу бола асаб тизими учун ҳам фойдали; дунёга (ҳозир унинг дунёси бу онаси) ишонч билан улғаяди. Сабаби, тўққиз ой она қорнида яшагач, болада яна камида тўққиз ой онасидан ажралмаслик инстинкти мавжуд бўлади. Бунда бола ўзини онаси билан бир бутун ҳисоблайди ва онасини ҳидидан танийди. Агар болани онадан доим узоқроқ ушлашга ҳаракат қилинса, бола таслим бўлиб, онасини қидирмасликка ўрганиши мумкин, аммо бу ички комплексга айланади ва бу комплекс бола улғайганида ўзини намоён қилиши мумкин. Бундай комплексли болаларда ўзига ишонмаслик, мустақил фикрлаш камлиги, қўрқувлар каби муаммолар пайдо бўлиши мумкин.
  8. Бола етарли эмаётганини қуйидаги белгилардан билиш мумкин. Янги чақалоқ илк кунларда ўз вазнининг 7%ини йўқотиши табиий. Кейин эса ҳафтасига таҳминан 170 гр вазн йиғиши нормал ҳисобланади. 4чи кундан кейин чақалоқ кунига камида 3-4 марта катта тангадек (2.5 cм) катта ҳожат қилади. Катта ҳожат сариқ рангда, суюқ ёки юмшоқ, донли бўлиши мумкин. Кичик ҳожатни кунига камида 5-6 марта қилади (1чи ҳафтадан кейин).
  9. Узоқ вақт мобайнида муваффақиятли эмизай десангиз, болага сунъий соска, бутилка, шакарли сув ва сунъий сут кабиларни берманг. Тиббий зарурат бўлса она сутидан бошқа моддаларни игнасиз шприц ёрдамида бола оғзига юборса бўлади. Бола соска, бутилка кабиларга тезгина, баъзи ҳолларда бир мартадаёқ ўрганиб қолади. Бу эса эмизиш сифатига жиддий салбий таъсир кўрсатади. Соска сўриш (бутилкадаги соска) кўкраш эмишдан осон бўлгани учун бола кўкракни олмай қўйиши мумкин. Болани овутиш учун ишлатиладиган (сутсиз) соска эса боланинг кўкракда бўлишини камайтиради, бу эса она сутининг камайиб кетишига олиб келади. Сабаби шуки, бола онасини қанча эмса, организм ҳам бола учун  яна шунча сут ишлаб чиқаради. Бола кучини кўкрак эмас, соска сўришга сарфлаганида она организмига сигнал бормайди ва сут ҳам кам ишлаб чиқарилади. Соска кабилар тишларнинг қийшиқ ўсишига ва жағ суягида қийшиқлик пайдо бўлишига ҳам сабаб бўлиб қолиши мумкин.
  10. Бола қаттиқ қўрққанида, стрессда бўлганида, ҳасталанганда ёки қийналган пайтларида онасини қидириб эмишни хоҳлаши комфорт учун эмиш дейилади. Бу жуда ҳам табиий ҳолатдир. Бу боланинг ўзини ҳимояда ҳис қилишига, тинчланишига, сокинлашишига ёрдам беради. Одатда бундай пайтда бола жуда кўп эмаётгандай ёки онасидан айрилгиси келмаётгандай бўлади. Бундай ҳолат боладаги стресс ўтиб кетгач камаяди.
  11. Бола билан доимий контактда бўлиш (кўтариб юриш, слингда олиб юриш) ва унга меҳрли бўлиш ҳам она сутининг кўпайишига сабаб бўлади. 
  12. Болани 2 йил ёки кўпроқ эмизиш бола соғлиғининг мустаҳкам бўлишига жуда катта кўмак бўлади. Жаҳон Соғлиқни Сақлаш Жамияти болани икки йил ёки кўпроқ эмизишни тавсия қилади (WHO 1993, WHO 2002). Доктор ва табиий ёндашувли стоматолог Рамиель Нагель ўз китобида болани 3-5 йил она сути билан эмизиш боланинг асосий тишларининг базаси кучли бўлишини таъминлаши ва узоқ эмизишнинг аҳамияти ҳақида гапириб ўтади.

Эмизикли она ҳам эмизишдан бир талай фойдалар кўради: онанинг кўкрак раки билан касалланиш эҳтимоли камаяди, репродуктив орган раки билан касалланиш эҳтимоли пасаяди, артрит ва юрак касалликлари билан касалланиш эҳтимоли ҳам камаяди, шунингдек эмизикли она ортиқча вазнни тез йўқотади.

Кейинги мақолаларимизда эмизикли онанинг соғлом овқатланиши ҳақида ўқишингиз мумкин.

https://www.youtube.com/watch?v=lEcEVheA-z8&t=9s

Facebooktwitterredditpinterestlinkedinmail

2
Leave a Reply

avatar
1 Comment threads
1 Thread replies
0 Followers
 
Most reacted comment
Hottest comment thread
2 Comment authors
FeruzabegimХужамурод Қурбонов Ёрмуминович Recent comment authors
  Subscribe  
Notify of
Хужамурод Қурбонов Ёрмуминович
Guest
Хужамурод Қурбонов Ёрмуминович

Энг мазмунли ва керакли маълумотлар учун рахматт!!!!!!!!!!!!!! Бу ердаги маълумотлар катта – кичик, аёл-эркак, ёшу-карилар учун долзарбдир